Қарор ва ижро
Бугун пойтахтимизнинг “International» меҳмонхонасида МДҲ давлатларининг ер қаърини қидириш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро кенгашининг XXIV сессияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россия делегация вакиллари иштирок этган тадбирда МДҲ давлатларининг ер қаърини қидириш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш каби масалаларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди.
Таъкидланганидек, МДҲ давлатларининг ер қаърини қидириш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро кенгаши 1997 йил 27 мартдаги Минерал-хомашё ресурсларини ўрганиш, қидириш ва фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Битимга мувофиқ ташкил этилган ва у МДҲ ташкилоти ҳисобланади.
Битим Арманистон, Озарбайжон. Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон. Молдова, Тожикистон, Украина ва Россия томонидан имзоланган.
– Ҳукуматлараро кенгашнинг энг муҳим йўналиши келишилган тарзда ҳаракат қилиш йўли билан МДҲ доирасида ер ости бойликларини ўрганиш, қидириш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган, – деди Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи Зиёда Аҳмедова.
– Унда минерал-хомашё ресурсларини ўрганиш, қидириш ва фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилиш, янги ва замонавий услубиётлардан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, МДҲ давлатлари мутахассислари ўртасида тажриба алмашиниш, чегараолди ҳудудларини геологик ўрганиш, Геологик тавсифдаги умумлашма хариталарни тузиш ва минералогик потенциални баҳолаш, чуқурликка оид геологик-геофизик тадқиқотларни ўтказиш каби масалалар қамраб олинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 июлдаги “Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. 2020 йил 26 мартда МДҲ Ижроия қўмитаси томонидан Ўзбекистон 2020 йил 16 мартдан эътиборан битимга қўшилганлиги маълум қилинган. Давлат геология қўмитаси Ўзбекистон Республикаси “Халқаро шартномалар тўғрисида”ги қонунининг 34-моддасига мувофиқ ушбу битим қоидалари ижросини таъминлайди.
– Ҳозирда Давлат геология қўмитаси фойдали қазилмалар конлари жойлашган чегараолди ҳудудларни биргаликда геологик ўрганиш, шунингдек, қўшни Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари билан 1: 1000000 масштабдаги умумлашма геологик хариталарини тузиш ва ер пўстининг йирик блокларини минералогик потенциалини баҳолаш ишларида қатнашмоқда.
Ҳукуматлараро кенгаш ўз фаолиятини 5 йиллик Истиқбол режаси бўйича амалга ошираётир. Бунда ер қаърини геологик ўрганиш, мамлакатлар минерал-хомашё базаларини тўлдириш ва сифат жиҳатдан яхшилашга доир муайян лойиҳаларни ва ҳамкорликдаги дастурларни амалга ошириш, илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишлари, истиқболли лойиҳавий ва тажриба-конструкторлик ишланмаларни аниқлаш ишлари акс этади, – деди Зиёда Аҳмедова.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири