Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибининг устувор йўналиши бўлган гендер тенглик – инклюзив ва барқарор ўсишга эришишнинг асосий омили ҳисобланади. У камбағалликни қисқартириш, тенгсизликни бартараф этиш ва ижтимоий фаровонликни оширишда ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Шу боис БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО аъзо давлатларни гендер тенглиги мақсадларига эришишга қаратилган сиёсий тамойилларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда, меҳнат ресурсларининг катта қисмини аёллар ташкил этувчи қишлоқ хўжалиги соҳасида қўллаб-қувватлаб келяпти.
Тузилма Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда қурғоқчиликка учраган экотизимлардаги ўрмонлар ва яйловларни барқарор бошқариш” лойиҳасини амалга оширмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида “Ҳеч ким ортда қолмаслиги керак” тамойили асосида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда гендер ёндашувларни жорий этиш бўйича Стратегия лойиҳа ҳам ишлаб чиқилди. Лойиҳа мутасаддилари томонидан ушбу стратегия муҳокамасига бағишланган анжуман ўтказилди.
Тадбирда мулоқот, фикр алмашиш, ҳужжатни амалга ошириш бўйича амалий қадамлар белгилаб олинди. Таъкидлаш жоиз, ушбу ҳужжат барча учун тенг имкониятларни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ресурсларини барқарор бошқариш ҳамда қарор қабул қилишда аёллар иштирокини оширишга қаратилган.
– 2021 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан қабул қилинган гендер стратегияда ҳар бир вазирлик ва ташкилот ўзининг гендер стратегиясини ишлаб чиқиши таклиф этилган эди, – дея тадбир моҳияти ҳақида сўз юритди Сенат аъзоси Малика Қодирхонова. – Қишлоқ хўжалиги соҳасида гендер стратегиясининг ишлаб чиқилиши нима учун муҳим? Биламизки, бугунги кунда юртимизда қишлоқ аҳолисининг 48 фоизидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Қишлоқ жойларда яшайдиган аёлларнинг турмуш тарзи ҳам, қиладиган меҳнати ҳам оғир бўлишига қарамай, улар аҳолимиз дастурхонига экологик тоза маҳсулотларни етказиб беришда жуда фаол. Гендер стратегиясида улар учун иш ўринлари сифатини яхшилаш, шунингдек, молиявий ва ҳуқуқий билимларини ошириш масалалари ўз аксини топган.
Қайд этиш керак, стратегия лойиҳаси етакчи миллий ва халқаро экспертлар, жумладан, ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси мутахассислари иштирокида тайёрланган.
– Барқарор ривожланишни гендер масаласини ҳисобга олмасдан туриб амалга ошириш мумкин эмас, – деди деди ФАО лойиҳаси бош техник маслаҳатчиси Наримон Нишонов. – Маълумки, аёллар қишлоқ хўжалигида асосий роль ўйнайди, улар чорвачилик, йиғим-терим ва ерга ишлов бериш билан шуғулланади, аммо уларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари кўпинча чекланган, шунинг учун яйловларда ер эгалари ҳуқуқларини мустаҳкамлашда оқилона ёндашув, бу аёллар ва эркаклар учун ресурслардан тенг фойдаланишдир.
Йиғилиш давомида иқлим ўзгариши ва ер деградацияси мавжуд тенгсизликни кучайтираётгани, шу боис аёллар учун ўзгаришларга мослашиш ва янги шароитларда муваффақиятли ишлашга ёрдам берадиган восита ва механизмларни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир доирасида ихтисослаштирилган ташкилот ва бошқармалар вакиллари учун семинар ҳам ташкил этилди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА