“Uzbekistan Airports” АЖ матбуот хизмати ўтган йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Қайд этилишича, ўтган йил давомида 110 минг 184 та учиш-қўниш операцияси амалга оширилган. Шунингдек, кўплаб халқаро янги авиакомпаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши натижасида “Uzbekistan Airports” АЖ аэропортларига 2024 йил 1 декардан бошлаб “Жидда –Тошкент – Жидда” йўналишида кунига 1 та мунтазам рейс, 14 мартдан “Варшава – Тошкент – Варшава” йўналишида ҳафтасига 4 та мунтазам рейс, 2 июндан “Доҳа – Тошкент – Доҳа” йўналишига ҳафтасига 4 та мунтазам рейс, 23 майдан “Мадрид – Тошкент – Мадрид” ва 30 майдан “Мадрид – Урганч – Мадрид” йўналишларига ойига 2 та чартер рейс йўлга қўйилган.
4 сентябрдан бошлаб “Мадрид – Тошкент – Мадрид” йўналишида ҳафтасига 2 та рейс, 8 сентябрдан “Мадрид – Урганч – Мадрид” йўналишида 2 ҳафтада 1 та рейс амалга оширила бошланди.
“Uzbekistan Airports” АЖ аэропортларида хизмат кўрсатилган йўловчилар сони 2023 йилда 10 миллион 409 минг 609 нафарни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2024 йилда 30 фоизга ошди ва хизмат кўрсатилган йўловчилар сони 13 миллион 500 нафарга етди.
Юклар билан ишлаш ҳажмида ўсиш суръати сезиларли равишда ортди ва бу 95 минг 49 тани ташкил этди. Таъкидланишича, жорий йилда умумий майдони 8 минг 500 метр квадратга тенг янги юк терминали ишга туширилади.
Шу билан бирга, Урганч халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлаги тўлиқ реконструкция қилинди, Андижон халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлагида ҳам реконструкция ишлари бошлаб юборилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА