Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларининг энергия аудити Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Бу жараён энергия аудити хизматларини кўрсатувчи ва истеъмолчи ўртасида тузилган шартномага асосан ўтказилади.
Энергия аудити асосан ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш, улардан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш салоҳиятини баҳолашга, энергияни тежашга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқишга қаратилган. Бу орқали энергияни тежаш, самарали фойдаланиш ва энергия самарадорлигини оширишга қаратилган стратегик дастурлар ишлаб чиқилади.
“Ўзэнергоинспекция” энергия самарадорлик департаменти бошлиғи Фаррух Ҳалимовнинг сўзига кўра, даврий энергия аудити ҳар йили белгиланган тартибда амалга оширилади.
– Даврий энергия аудити “Ўзэнергоинспекция” билан келишилган жадвалга асосан беш йилда камида бир марта ўтказилади. Мажбурий энергия аудити юқори технологияли ишлаб чиқариш ускуналарини ўрнатган ва модернизация қилган субъектларда экспресс шаклда амалга оширилади. Ички энергия аудити корхоналар ва ташкилотлар томонидан белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади ва унда энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш учун масъул мутахассислардан тушунтиришлар олиш имконияти мавжуд, – деди Ф.Ҳалимов.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА