“Ўзтрансгаз” АЖ 2024 йилда газ транспорт тизими иншоотларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича алоҳида режа ишлаб чиқиб, муваффақиятли амалга оширди. Режа доирасида республика бўйлаб бир қатор модернизация ва қайта қуриш ишлари бажарилди.

Хусусан, Тошкент вилоятидаги 120 мингга яқин аҳоли хонадони ва улгуржи истеъмолчига газ таъминотини яхшилаш мақсадида “Тошкент-1” газ тақсимлаш станциясида Қибрай ва Тошкент туманлари тармоқларининг газ босимини ростлаш тугуни ажратилди. Бу ҳар бир тармоқда алоҳида босимда газ етказиб бериш имконини яратди ҳамда таъмир ишлари вақтида газ таъминотининг узилиши хавфини бартараф этди.

Шунингдек, “Mega oil servis” газ тақсимлаш станциясида 2,5 километр газ қувури тортилиши ҳисобига Янгийўл тумани истеъмолчиларига газ узатиш ҳажми оширилди. Зангиота туманини таъминловчи “Қуёшли” газ тақсимлаш станциясига элтувчи қувурнинг нуқсонли қисмлари алмаштирилди ва бу газ етказиб беришда ишончлиликни оширди.

Бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзтрансгаз” АЖ бошқаруви раисининг маслаҳатчиси Лола Шарипова бу каби натижалар ҳақида маълумот берди. Унда айтиб ўтилишича, Хоразм вилоятида “Урганч” газ тақсимлаш станцияси реконструкция қилиниб, 68 минг хонадон ва 3000 га яқин улгуржи истеъмолчига газ узатиш самарадорлиги сезиларли даражада оширилган.

Қорақалпоғистондаги “Тўрткўл” станцияси аҳоли яшаш жойидан чиқарилиб, қайта қурилди. Наманган шаҳрида қурилган “Янги Ўзбекистон” газ тақсимлаш станцияси эса 3,5 мингдан ортиқ хонадон ва “Янги Наманган” массивидаги 84 та кўп қаватли уйга табиий газ етказиб беришни таъминлади.

Ўтказилган диагностика ишларида аниқланган 67 километр нуқсонли магистрал қувурлар алмаштирилди. Уларнинг ишончлилигини таъминлаш учун 4600 километр магистрал қувурларнинг ички юзаси тозаланди. Диагностика ишлари 1200 километр қувурни қамраб олди. Қувурларнинг ўтказувчанлигини ошириш учун 20 та поршен юбориш ва 19 та қабул қилиш тугуни реконструкция қилинди. Қўшимча равишда 9 та янги тугун қурилиб, 2600 километр магистрал тармоқда тозалаш ва диагностика ишлари амалга оширилди. Мавжуд 11 та газ сиқув компрессор станциясидаги 58 та агрегат қиш мавсумида ишлашга шай ҳолга келтирилди.

Ғаллаорол ва Газлидаги компрессор станцияларида 4 та фильтр-сепаратор қурилмаси ўрнатилди. Шунингдек, “Хўжаобод” ер ости газ сақлаш иншоотидаги 24 та қудуқ таъмирланди.

Лола Шарипованинг таъкидлашича, 2024 йилда амалга оширилган кенг қамровли ишлар мамлакат газ таъминоти тизимининг барқарорлигини таъминлашда амалий аҳамият касб этаётир. Айни кунлардаги барча чора-тадбирлар қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилмоқда.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА