“The Guardian” нашрига кўра, Дания қироли Фредерик ХТрампнинг оролни сотиб олиш ҳақидаги баёнотидан кейин мамлакат гербини ўзгартириб, унда Гренландия ва Фаръер оролларининг рамзлари — оқ айиқ ва қўчқорни янада каттароқ қилиб акс эттирди. Аввалроқ, Дания бош вазири Трампга “Гренландия сотилмайди” дея жавоб берганди.

1972 йилда қабул қилинган аввалги намунада Гренландия ва Фаръер ороллари рамзлари гербнинг чекка қисмида жойлаштирилганди. Энди улар каттароқ ва алоҳида ҳажмда чизилди. Гербнинг қолган икки қисмида Дания ва Жанубий Ютландия минтақасининг герби жой олган (иккисида ҳам ҳаворанг шерлар тасвири бор).

Шунингдек, Гренландия ва Фаръер ороллари рамзлари билан бир майдонда бўлган ва 1397−1523 йиллар оралиғида тузилган Дания, Норвегия ҳамда Швециянинг Кальмар иттифоқини ифодаловчи учта тож гербдан олиб ташланган. Қироллик баёнотида айтилишича, бу элемент “энди долзарб эмас”.

Мазкур герб шаклининг ўзгариши Гренландия ва Дания муносабатларида кескинлик кучайган даврда содир бўлди, шунингдек, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг декабрь ойида оролга “эгалик ва назорат қилиш” Қўшма Штатлар учун “мутлақ зарурат” эканини айтган сўзларидан кейин юз берди.

Гренландия дунёдаги энг катта орол бўлиб, Данияга қарашли. Унинг аҳолиси 56,8 минг кишини ташкил этади.

М.Пирматова, ЎзА