Бугун ҳеч қайси байрамни газ билан тўлдирилган пуфакларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Туғилган кун, янги савдо дўкони ва идораларнинг очилишида газ тўлдирилган пуфаклардан, яъни сўзлашув нутқида “шарлар” деб номланадиган воситалардан фойдаланиш урф бўлган.

Одатда, бундай пуфакларга ҳавога нисбатан енгилроқ бўлган газлар тўлдирилади. Айрим шундай газлар тез ёнувчан хусусиятга эга бўлиши мумкин.

Болалар ҳаво шарлари ҳамда улардан ясалган ўйинчоқларни мириқиб ўйнайдилар. Бироқ газ билан тўлдирилган ҳаво шарлари ҳаёт учун жуда хавфлидир.

Хизмат ёки яшаш хоналарида шарларда чақнашнинг юзага келиши аянчли оқибатларга олиб келиши турган гап. Портлаш содир бўлиши учун биргина учқун ёки чўғ-оловнинг ўзи етарли. Натижада, инсонлар жиддий тан жароҳати олиши ва байрам фожиага айланиши мумкин.

Мутахассис таъкидлаб ўтганидек, аслида ушбу байрамона «шарлар» инсон саломатлиги учун хавфсиз бўлган, портлаш ва ёниш хусусиятига эга бўлмаган енгил газлар билан тўлдирилган бўлиши лозим.

Минг афсуски, даромад истагида бўлганлар пуфакларни пропан, метан газ билан тўлдириши оқибатида юқори даражадаги куйиш, портлашларга сабабчи бўлиб қолишмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, газ билан тўлдирилган шарларни харид қилсангиз ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган холда фойдаланишни, ёки аксинча шодиёна кунингизни фожеага айлантирмаслик учун ушбу пуфаклардан воз кечишингизни тавсия этиб қоламиз.

Бизни кузатишда давом этинг, ўзингиз ва яқинларингизни эътиборсиз қолдирманг.

М.Турдалиева, А.Аҳмедов (видео), ЎзА