Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида 8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда бошқарма бошлиғи Исламбек Арзиев  йиғилганларни касб байрами билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, суд-ҳуқуқ тизими тубдан такомиллашмоқда.

Буларнинг барчаси, инсон қадрини юксалтириш, халқимизнинг фаровон, тинч ва эркин ҳаётини таъминлаш, шу билан бирга, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган муваффақиятли ишлар бўлиб, бугунги кунда прокуратура органлари айбдорларни жазолайдиган эмас, балки тизимли муаммо ва камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этишга ёрдам бериш орқали тўғридан тўғри халқимизга хизмат қиладиган органга айланди.

Суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органлари ўз фаолиятида биринчи навбатда фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қаратмоқда. Бунинг яққол далили давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил 3 январда қабул қилинган “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бўлди. Мазкур фармон билан фуқаролардан қарзлари учун ундиришга қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатли даромад белгилаб берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган Маҳаллабай ишлаш  натижасида ўтган 2024 йилда Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан жами 3 триллион 584 миллиард сўмлик 278 минг 956 ижро ҳужжатининг топширилиши таъминланиб, амалда 1 триллион 638 миллиард сўм ундирилди. Ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган оилаларга, яъни барча турдаги дафтарларга жами 57 миллиард 686 сўм йўналтирилиши таъминланди.

Бундай натижаларга эришишда Бюро органларида хизмат қилаётган ҳар бир ходимнинг қисқа давр ичида орттирган бой тажрибаси, касбга садоқати ва ўта юксак масъулият билан ўз вазифаларини бажариши, десак муболаға бўлмайди.

Тадбирда байрам муносабати билан бир гуруҳ ходимларга Бош прокурорнинг фахрий ёрлиғи, ташаккурнома ҳамда пул мукофоти топширилди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири