2024 йил декабрь ойи охирида Германиянинг «Rheinmetall» саноат концерни Украина Қуролли кучларига «Lynx» пиёдалар фойдаланадиган зирҳли машиналарини топширди. «Frankfurter Allgemeine Zeitung» газетаси ёзишича, мазкур техникалар аллақачон Украинада синовдан ўтаётган эди.

“Ҳозир синаб кўрилаётган бу аслаҳаларни кейинчалик оммавий тарзда ишлаб чиқариш имкон қадар тезроқ йўлга қўйилиши мумкин”, — дея компания бош директори Армин Паппергердан иқтибос келтирган нашр.

Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида Германия Украинага иқтисодий ва ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этиши, бироқ ёрдам ҳажми 2024 йилга нисбатан қисқариши мумкинлигини ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Берлин Киевга 40 га яқин «Леопард-1» танки, «Гепард» ўзи юрар техникаси, 15 дан зиёд ўрта ва қисқа масофага мўлжалланган ИРИС-Т ҳаво мудофаа тизими, муҳандислик танклари, дрон ва артиллерия снарядлари беради, дейилган ҳисоботда.

Германия Украинага ёрдам бўйича АҚШдан кейинги иккинчи йирик донор давлат ҳисобланади.

Ўз навбатида, Россия Украинага қурол етказиб бериш тинчликка эришишга халақит бераётгани, НАТО давлатлари можарога бевосита жалб қилинаётгани ва “ўт билан ўйнашаётганини” таъкидлаб келмоқда. Кремль таъкидлашича, Украинани Ғарб қуроллари билан тўлдириш музокарага ҳисса қўшмайди, аксинча салбий таъсир кўрсатади.