Бош прокуратурада 8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев олиб борган анжуманда қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида ўтган йиллар давомида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида прокуратура органлари фаолияти ҳам тубдан ўзгарди.

Тадбирда яқин истиқболда прокуратура органлари олдида турган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, прокуратуранинг ҳар бир ходими қалбидаги, онгу шууридаги Ватанга, эл-юртга ва ислоҳотларга садоқат ҳиссини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.

Бундан буён ҳам одамларнинг ҳаёт даражасини юксалтириш, камбағалликни қисқартириш, қулай тадбиркорлик ва инвестициявий муҳитни шакллантириш, иқтисодиёт барқарорлиги, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, экология, маданият ва спорт каби муҳим соҳалардаги ислоҳотлар рўёбига ҳисса қўшиш прокурорлар кундалик фаолиятининг муҳим қисми бўлиб қолади.

Қонунчилик ижроси устидан назорат ҳам кескин кучайтирилади.

Жиноятчиликка қарши курашиш ва тергов фаолиятини такомиллаштириш доимий эътиборда бўлади.

Тадбирда бу каби кўплаб вазифаларни самарали амалга ошириш учун барча имкониятлар, куч ҳамда воситалар мавжудлиги ва улар эзгу мақсадлар йўлида тўлиқ сафарбар этилиши алоҳида қайд этилди.

Анжуманда сўзга чиққан соҳа вакиллари прокуратура органлари тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чоралар, эътибор ва ғамхўрлик учун халқимиз ва давлатимизга миннатдорлик билдириб, эл-юрт манфаатлари йўлида садоқат билан хизмат қилиш олий саодат эканини яна бир бор қайд этди.

Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис, Ҳукумат, вазирлик ва идоралар вакиллари, барча даражадаги прокуратура органлари ходимлари ҳамда фахрийлар иштирок этди.

Норгул Абдураимова, ЎзА