Ватанимиз тарихидаги 9 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1477 йил (бундан 548 йил олдин) – Абдураҳмон Жомийнинг учинчи ўғли Хожа Зиёиддин Юсуф дунёга келди. Жомийнинг биринчи ўғли бир кунгина, тўртинчиси 40 кун ва иккинчиси 12 ой яшаб нобуд бўлишган. Жомий Зиёиддин Юсуфга қаттиқ кўнгил берган, ўғли ҳам отаси меҳрига оқибатли бўлиб чиққан. 1510 йили Ҳиротни қизилбошлар босиб олганда улар сунний мазҳаби олими бўлмиш Жомий қабрини ҳақоратлашмоқчи бўлишган, Зиёиддин Юсуф эса буни сезиб қолиб, отаси ҳокини яширинча бошқа жойга кўчиришга улгурган. Қўринадики, шундан кейин ўзи ҳам Ҳиротни ташлаб кетишга мажбур бўлган ва Хуросонга қарашли Арп қишлоғида 1513 йилнинг декабрида вафот этган.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Абдураҳмон Жомий (1414–1492) ўз даврининг энг улкан ва доно маданият арбобларидан бири эди. Унинг ижоди ва ижтимоий фаолияти кўп қирралидир. У ўзига қадар ва ўз замонида бўлган фаннинг турли соҳаларини чуқур эгаллаган ва, айниқса, адабиёт назарияси, тилшунослик, тарих, фалсафа ҳамда мусиқа илмида кўп иш қилган олим эди. Лекин у ҳар нарсадан олдин ўзининг бадиий ижоди билан алоҳида эътибор ва мақтовга сазовор бўлди, бутун дунёда шуҳрат қозонди ҳамда ўз номини абадийлаштирди. У биринчи навбатда ўзининг юксак санъаткорлик ила яратган ажойиб поэмалари ва лирик шеърлари билан ҳамон яшаб келмоқда.
1876 йил (бундан 149 йил олдин) – Сирдарё вилояти ҳарбий губернатори генерал Н.Головачёв томонидан ташкил этилган музейни комплектлаш бўйича йиғилишда Тошкент музейи (ҳозирги Ўзбекистон тарихи давлат музейи)ни очишга қарор қилинди. Ўрта Осиё табиати тадқиқотчилари ўзлари тўплаган коллекцияларни музейга топширдилар. Шу тариқа, 1876 йил Ўрта Осиёда биринчи музей ташкил топди. Лекин давлат томонидан бино берилмагани учун этнограф ва географ Николай Маев ўзининг ипакчилик мактабидан музей учун икки хона ажратди.
Тарихчи Дарманжан Курязованинг қайд этишича, музей таъминоти учун йилига 300 сўм ажратилганидан ташқари, баъзи шахсларнинг моддий ёрдамлари ҳам келиб тушган. Николай Маевнинг ёзишича, музей фаолияти учун йилига 1600 сўмлик маблағ талаб этилган. 1877 йилнинг январига келиб, музей этнография, ишлаб чиқариш технологияси, қишлоқ хўжалиги, табиат тарихи ва археология бўйича 1500 дан ортиқ ашёларга, 800 га яқин қадимий тангаларга эга бўлди.
Музей предметлари махсус тўпланмаган бўлса-да, унда қимматбаҳо, нодир ва ноёб буюмларнинг асл нусхалари мавжуд эди. Олимларнинг фикрича, 1876–1880 йиллар Тошкент музейи фаолиятининг муҳим босқичи бўлди. Шу йилларда нумизматика, этнография бўлимлари бой коллекциялар билан тўлдирилди.
1904 йил (бундан 121 йил олдин) – тарихчи олима Жаннат Исмоилованинг қайд этишича, Тошкент шаҳрида телефон, почта-телеграф тармоғига асос солинди. Бу ҳолат ҳукумат билан шаҳарга 18 йил, яъни 1922 йил 9 январгача тармоқни қуриш ва ундан фойдаланишга ҳуқуқ берувчи шартнома тузиш асосида вужудга келди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Тошкентнинг янги шаҳар қисмида телефон 1892 йилдан ишлай бошлаган. Аввалига у фақат ҳарбий муассасалар ва ҳарбий идора бошлиқлари учунгина мўлжалланганди. 1893 йилда ундан шаҳар бошлиғи ва полиция бошқармаси фойдаланган. 1904 йил 1 сентябрдан унинг хизмат доираси кенгайган. Шаҳарда 180 та мижоз бор эди.
Абонентлар сони 1912 йилда 710 гага етди, шулардан 97 таси бепул эди. Шаҳар телефони 8 ёшга тўлганида унинг абонентлари сони 4 баравар ортди. Бундан ташқари, шаҳарда 4 та телефон-автомат бор эди: темир йўл вокзалида, Тошкент темир йўл товар станциясида, Воскресенкий бозорида ва шаҳар бошқармасида.
1905 йил (бундан 120 йил олдин) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Назир Сафаров дунёга келди (вафоти 1985 йил). У ўзбек адабиётида публицист, очеркнавис ва драматург сифатида танилган. “Кўрган-кечирганларим” асари учун муаллифга 1968 йилда Республика Давлат мукофоти берилган.
1940 йил (бундан 85 йил олдин) – Ўзбекистон Фан қўмитаси негизида СССР Фанлар академиясининг Ўзбекистондаги филиали очилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, қадимдан илм-фан марказларидан бири бўлган Ўзбекистонда 1925 йилда Ўзбекистон ССР Маориф халқ комиссарлиги ҳузурида Академик марказ ташкил топган эди. 1932 йил 11 октябрда республикадаги илмий текшириш муассасаларига раҳбарлик қилувчи Ўзбекистон Фан қўмитаси ташкил этилганди.
1947 йил (бундан 78 йил олдин) – математик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Азимбой Саъдуллаев таваллуд топди. У 1997–2002 йилларда Хоразм Маъмун академияси раиси бўлган. 2020 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий қамоқни ўташ тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 10 боб, 40 моддадан иборат.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – “Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тасдиқланди. Мазкур Доктрина ҳарбий соҳада Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигини таъминлашга доир принциплар ва ёндашувларни белгилайди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади