Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳаси сифат ва самарани таъминлаш учун доимий замонавий билим ва кўникмаларни талаб қилади. Бунда айниқса, халқаро стандартлар асосида ишлайдиган мутахассислар тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга.

Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология миллий тизимини такомиллаштириш мақсадида METI – талабалар ва малакали мутахассислар учун Японияда ҳақ тўланадиган амалиёт дастури томонидан 2022 – 2025 йиллар учун республиканинг тегишли идоралари ходимларини Японияда ўқитиш учун қарийб 500 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағлар ажратилган.

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ёшибуми Бито билан учрашув ўтказди.

2023 – 2024 йилларда Японияда стандартлаштириш ва синов соҳасида республиканинг 31 нафар мутахассислари учун семинарлар ташкил этилди. 2025 йилнинг январь ойида 18 нафар мутахассис Японияга малака оширишга юборилиши кутилмоқда.
Мулоқот давомида Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг грантлари ва техник кўмакни жалб этиш орқали сифат инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар берилди, дейилади Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги маълумотида.

Соҳада сифат ва самарани таъминлаш учун замонавий билим ва кўникмаларга эга, халқаро стандартлар асосида ишлайдиган мутахассислар тайёрлашда JICAнинг иштироки муҳимлиги таъкидланди.

Томонлар қўшма лойиҳаларни сифатли амалга ошириш ва кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

М.Ҳожиакбарова, ЎзА