Президент топшириғи амалда
Бухоро вилояти Ғиждувон туманининг “Саидкент” маҳалла фуқаролар йиғинида 1 километр масофада “Соҳилбўйи дам олиш маскани”ни барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бунда аҳолининг бўш вақтини унумли ўтказиш учун етарли шарт-шароит яратиш, салқин ичимликлар, умумий овқатланиш шохобчаларни қуриб фойдаланишга топшириш, шунингдек, бунда мавсумий катамаран ва бошқа қайиқлар хизматини жорий этиш кўзда тутилган.
“Соҳил бўйи дам олиш маскани” деб номланган ушбу лойиҳа доирасида айни пайтда катта бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Қувонарлиси, Ғиждувондаги бу маскан Бухоро вилоятига қўшни Навоий вилоятидан кириш сарҳади бўлгани боис ўзига хос ташриф қоғозига айлантирилади.
Ғиждувонлик маҳаллий аҳоли, меҳмонлар ва хорижий сайёҳларга савдо ва маиший хизмат кўрсатилиши баробарида, ҳудуд микроиқлимини шакллантиришда ҳам ўз ўрнига эга бўладиган мазкур лойиҳа қиймати 12 миллиард сўмга молиялаштирилган. Унда ўнга яқин тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлга қўйилиб, жами 100 нафарга яқин янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. Айни кунда “Е-аукцион” дастури орқали соҳил бўйи лойиҳасида кўп йиллик ижарага жой расмийлаштириб берилаётгани ҳам бизнес эгалари учун яхши имконият.
Лойиҳа доирасида дастлаб ҳудуддан оқиб ўтувчи сув иншооти ўзани бетонлаштирилиб, йўлаклар барпо этилади. Гулзор барпо қилиниб, албатта, соҳилбўйи тунги ёритиш чироқлари, тўлиғича ҳимоя тўсиғи, пиёдалар йўлаклари ҳам барпо қилинади.
Жорий йилнинг иккинчи ярмида тўлиқ ишга туширилиши мўлжалланган лойиҳанинг аҳамияти, маҳаллий бюджетга 500 миллион сўм атрофида даромад кирим қилиниб, бунда тижорат эгалари ва меҳмонлар учун қатор савдо ва сервис, кўнгилочар хизмат турлари таклиф этилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири