“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Давлат дастури лойиҳасида 5 та устувор йўналиш бўйича 2025 йил учун амалий чора-тадбирлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ва мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилмоқда.

Дастур лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қизғин муҳокама қилинмоқда, фракциялар ва қўмиталар йиғилишларида атрофлича кўриб чиқилмоқда. Сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар аъзолари ушбу дастурий ҳужжат мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида ўз муносабати ва таклиф-тавсияларини билдирмоқда.

– Давлат дастури лойиҳасида мамлакатимизни комплекс ривожлантириш юзасидан барча соҳа ва йўналишлар бўйича жорий йилда амалга ошириладиган устувор мақсад-вазифалар белгилаб олинган, – дейди депутат, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Хушвақт Ҳайитов. – Айниқса, рақамлаштириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш, бундай оилалар фарзандларининг билим олиши, ахборот технологияларини ўзлаштириши учун шароитлар яратиш, шу билан бирга, уларга келгусида давлат гранти асосида квоталар ажратиш масалалари ўз аксини топгани эътиборлидир. Бундан ташқари, яшилликни кенгайтириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли вазифалар кўзда тутилаётгани алоҳида аҳамиятга эга. Лойиҳадаги чора-тадбирлар мамлакатимиз равнақига, ҳаётимизни янада яхшилашга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, 2025 йилги давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилаётган барча йўналишдаги мақсад-вазифалар эртанги кунимизни янада фаровон қилишда, юртимиз ривожини юқори поғонага кўтаришда муҳим ўрин тутади. Ҳужжат лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси давомида янада халқчил ва ҳаётий ҳужжатга айланиши шубҳасиз.

Муҳтарама Комилова, ЎзА