Унда таъкидланганидек, станциянинг 1,7 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси орқали 1,75 миллион киловатт соат электр энергияси тежаб қолинди. Бу кўрсаткич 8 753 та хонадоннинг бир ойлик электр энергия истеъмолига тенгдир.
Экологик аҳамиятга эга бўлган яна бир жиҳат шуки, “яшил” энергия ҳисобига 185 минг метр куб табиий газ тежалди. Шунингдек, станцияда 380 та қуёш панелли ёритиш чироғи 76 минг киловатт соат, 380 та ҳаракат датчик 55 минг киловатт соат ва 22 та частота ўзгартиргич қурилмаси эса 1,1 миллион киловатт соат электр энергиясини тежашга хизмат қилди.
Қуёш энергиясидан янада самарали фойдаланиш мақсадида ҳажми 2800 литр бўлган 14 та қуёш сув иситиш қурилмаси орқали 47 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилди. Бу жараёнда 7 минг метр куб табиий газ тежалган.
Мазкур натижалар “Тахиатош ИЭС”нинг барқарор ривожланиш йўлидаги қатъий қадамлари самарасидир. Станцияда амалга оширилаётган лойиҳалар нафақат ресурсларни тежашга, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳам хизмат қилмоқда. “Яшил” технологиялардан фойдаланиш орқали энергия ресурсларини иқтисод қилиш республика миқёсида аҳамиятли ва истиқболли ҳисобланади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА