“Мутолаа” бу – Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган замонавий ташаббус. Лойиҳа ёш авлодни китоб ўқишга рағбатлантириш, миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кенг оммага тақдим этиш орқали китобхонлик муҳитини янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган. Лойиҳа Ёшлар ишлар агентлиги томонидан ташкил этилган.
Агентлик маълумотига кўра, бугунги кунда юртимиз аҳолисини китоб ўқишга кенг жалб этишга қаратилган “Мутолаа” лойиҳаси фойдаланувчилари 1,4 миллионга етди.
–Кузатувчилар телефонига “Мутолаа” иловасини юклаб олиш орқали 3000 дан ортиқ электрон ва аудио китобларни қўлга киритишлари ҳамда уларни мутолаа қилишлари мумкин, – деди “Мутолаа” иловаси медиа бўлими раҳбари Жасурбек Анваров. – Энг катта режаларимиздан бири бу энг фаол китобхонларга чет элга саёҳатлар, оромгоҳлар учун йўлланма ва энг кўп ўқиган китобхонимизга электромобиль совға қилишни режа қилганмиз.
“Мутолаа” ижодкорлари томонидан янгича услубда тайёрланган видео-китоблар ҳам тақдим этилмоқда.
Маълумотларга кўра, бир йил давомида Андижон, Тошкент ва Жиззах вилояти ёшлари “Мутолаа”дан энг кўп фойдаланган.
–Ёш китобхон сифатида давлатимиз раҳбарига ушбу лойиҳани илгари суриб, биз ёшларни қўллаб-қувватлаётгани учун ўз миннатдорлигимни билдираман, –деди Шаҳноза Баҳромова.–Бугунги кунда платформанинг ривожланиши учун ўзимиз қатори ёшларни ортимиздан эргаштириш учун ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан ва бундан жудаям ҳурсандман. Китобхонликка эътиборимиз кучайган сари биз ёшлар юксак парвозлар сари интилаверамиз. “Мутолаа” лойиҳасидан бемалол уйда ҳам, автобус ва метрода юрганимизда ҳам фойдаланишимиз мумкин.
Лойиҳа миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини электрон ва аудио форматларда жамлайди ва улардан бепул фойдаланиш имкониятини яратади. Ёшларни қизиқтириш учун китобларнинг мазмуни асосида янгича услубда тайёрланган видео-китоблар тақдим этилади. Китоблар замонавий технологиялар ёрдамида рақамлаштирилиб, кенг кўламдаги аудитория учун очиқ қилинади.
Лойиҳа ўз фаолиятини махсус ишлаб чиқилган “Мутолаа” мобил иловаси ҳамда YouTube, инстаграм ва телеграм платформалари орқали амалга оширади. Бу орқали фойдаланувчиларга китобларни ўқиш ва тинглаш, видео-китобларни кўриш ва янгиликлардан хабардор бўлиш имконияти яратилган.
Мазкур лойиҳа китобхонлик маданиятини оммалаштириш, ёшларнинг интеллектуал ривожланишини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишни кўзда тутади.
“Мутолаа” лойиҳаси ёшлар учун интеллектуал муҳит яратиш, уларни ўз ҳаётларини бойитишга чорловчи ноёб ташаббусдир. Китоб ўқиш энди нафақат фойдали, балки қулай ва замонавий форматда ҳам амалга оширилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА