Жаҳон миқёсида ахборот-коммуникация технологиялари шиддат билан ривожланиб, барча соҳалар босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда. Ўз навбатида, ушбу жараёнда ғараз ниятли кимсалар томонидан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда кибермаконда жиноят содир этиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда.

Бундай жиноятлар судларда қандай кўриб чиқилади, рақамли далилларга қандай баҳо берилади? Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Қаҳрамон Мирсафоев билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Кибермаконда содир этилаётган жиноятлардан жабр кўрганлар сони кундан-кунга ошиб бормоқда, – деди Қ.Мирсафоев. – Жиноятчилар ўзганинг пул маблағларини талон-торож қилишда янгидан-янги усуллардан фойдаланиб, дастурий аппарат қурилмалари ёрдамида қонунга хилоф тарзда банк картаси ёки бошқа тўлов карталарининг нусхасини ясаш, сохталаштириш орқали ўзганинг банк ҳисобидаги ёхуд электрон тўлов ҳамёнидаги пулларини талон-торож қилади. Мазкур тоифадаги жиноятларни содир этишнинг ҳам, уларни аниқлашнинг ҳам бирдан – бир манбаи – бу электрон маълумотлардир.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги электрон маълумотларни рақамли далил, деб топиш ва иш ҳужжатларига қўшиш билан боғлиқ муаммолар юқоридаги каби жиноятларни фош этишда яқин вақтларгача катта қийинчиликларни юзага келтираётган эди. Шу муносабат билан рақамли далилларни қабул қилиб олиш, текшириш ва баҳолаш тартибига оид нормаларни Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунчилик ҳужжатларига киритиш зарурати юзага келди.

Шу мақсадда 2024 йил 21 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

– Қонунда айнан қайси йўналишлар қамраб олинган? 

– Процессуал қонунчилик ҳужжатларида электрон далиллар тушунчаси, улардан фойдаланиш тартиби ва шу билан боғлиқ масалалар назарда тутилмаган ҳамда рақамли далилларга қандай маълумотлар киритилиши қонунчиликда белгиланмаган эди.

Мазкур қонун билан ана шу бўшлиқлар тўлдирилди. Қонун рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилиб, рақамли технологиялар тараққиёти шароитида ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишни яхшилаш, суд ишларида рақамли далилларнинг қонунийлик асосларини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинди.

Рақамли далилларни йиғиш, сақлаш ва тақдим этишда ягона қоидалар ва стандартларни белгилаш орқали суд ишларида адолатни таъминлаш, рақамли далилларнинг асослилигини ва ишончлилигини кафолатлаш, улардан нотўғри фойдаланишнинг олдини олиш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва нотариал хизматларда рақамли технологияларни янада кенг жорий қилиш,  рақамли далиллар билан ишлаш борасида ҳуқуқшунослар ва фуқароларнинг билим ва малакаларини ошириш каби жиҳатлар қонундан ўрин олган.

– Қонун билан процессуал тартиб ва қоидаларни белгиловчи кодексларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида тўхталиб ўтсангиз. 

– Жиноят-процессуал кодексида электрон маълумотлар, рақамли далиллар тушунчалари ва уларни текшириш тартиби белгиланиб, рақамли далилларнинг асослилигини таъминлаш ҳамда уларнинг қонуний кучга эгалигини кафолатлаш тартиблари ишлаб чиқилди.

Хусусан, амалдаги Жиноят-процессуал кодекси 204-1-моддаси (Электрон маълумотлар) билан тўлдирилди. Унга кўра, “электрон маълумотлар электрон қурилмалардан ва ахборот тизимларидан, шунингдек, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда яратиладиган, ишлов бериладиган ҳамда сақланадиган маълумотлардир”.

Гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва бошқа шахслар электрон маълумотларни ушбу маълумотларнинг кўчирма нусхасини электрон жисмдан электрон маълумотлар мавжуд бўлган бошқа электрон жисмга олиш орқали тақдим этишга ҳақли.

Терговга кадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд тақдим этилган электрон маълумотларни мутахассис иштирокида қабул қилиб олади ҳамда электрон маълумотлар мавжуд бўлган бирламчи электрон жисмларни кўздан кечиради.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Жиноят-процессуал кодексининг 161-моддасига қўшимча сифатида киритилган нормага мувофиқ, шахсий электрон маълумотларни олиб қўйиш ва тинтув қилиш қонунга ҳамда суднинг қарорига асосан амалга оширилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, агар олиб қўйиш ёки кўздан кечириш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганда электрон маълумотлар мутахассис иштирокисиз олинган бўлса, 95-1-модданинг тўртинчи қисмига асосан улар номақбул далиллар, деб топилади.

Бунинг моҳияти шундаки, электрон маълумотлар (масалан, компьютер, телефон, серверлар ва бошқа электрон қурилмалардан олинган маълумотлар) тўғри ва аниқлик билан йиғилиши учун мутахассис иштироки талаб қилинади.

Электрон маълумотлар тўпланганида, бу жараённи профессионал мутахассислар амалга ошириши керак. Чунки улар маълумотларни тўғри олиш ва уларни сақлашда зарур бўлган техник ва ҳуқуқий амалиётларни билади.

Агар электрон маълумотлар мутахассис иштирокисиз, яъни масалан, оддий терговчи ёки бошқа мансабдор шахслар томонидан, уларнинг тўғри олингани ва сақлангани кафолатланмаса, бу маълумотлар нотўғри ёки манипуляцияланган бўлиши мумкин. Шу боисдан ҳам улар суд томонидан номақбул далиллар деб топилиб, асос сифатида қабул қилинмайди. Мазкур қоиданинг киритилишидан асосий мақсад маълумотларнинг тўғрилигини ва қонунийлигини таъминлашдир.

Шунингдек, янги тартибга кўра, терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахсига, суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга электрон маълумотларни ўз ташаббуси билан тақдим этиш ҳуқуқи белгиланди. Яъни, фуқаролар, шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари ўз тасарруфида бўлган электрон маълумотларни терговга кадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахсига, суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга ўз ташаббуси билан тақдим этишга ҳақли. Демак, бу уларнинг ихтиёрига биноан амалга оширилади, яъни улар маълумотларни ўз ихтиёри билан беришлари мумкин. Бу мажбурий тартиб эмас.

– “Рақамли далиллар” тушунчасига қонунда қандай таъриф берилган? 

– Қонунда “рақамли далиллар” тушунчаси қайд этилган бўлиб, Жиноят-процессуал кодексига киритилган 204-2-моддага кўра, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан, электрон тарздаги файллар, аудио ва видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек, бошқа электрон маълумотлар рақамли далил бўлиши мумкин.

Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, башарти унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақлансагина йўл қўйилади. Улар иш материаллари билан бирга сақланади. Қонунда рақамли далилларни олиш, уларни кўздан кечириш ва текшириш каби процессуал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ нормалар ҳам белгиланган.

“Рақамли далиллар” тушунчасининг қонунчиликка киритилиши бир қатор муҳим афзалликларни тақдим этади. Бу афзалликлар, аввало, замонавий технологияларни ва электрон маълумотларни ҳуқуқий тизимда самарали қўллашга имкон беради. Электрон маълумотлар (компьютер файллари, электрон почта хабарлари, видео ва аудио ёзувлар, интернетдан олинган материаллар) кўплаб жиноятларда муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун бундай далилларни қонун доирасида тўғри баҳолаш зарур.

Рақамли далилларни қонунчиликка киритиш, уларнинг глобал ҳуқуқий тизимларда ҳам тан олиниши ва бир хил тартибда ишлатилишини таъминлайди. Чунки рақамли маълумотлар халқаро миқёсда жуда кенг доирада қўлланилмоқда. Рақамли далилларни тан олиш давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳам осонлаштиради.

Бир сўз билан айтганда, қонун ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларни фош этиш имконияти ҳамда тергов ва одил судлов сифатининг ошишига замин яратди. Бу фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

                                                                  ЎзА мухбири

                                                         Норгул Абдураимова суҳбатлашди