Ёшлар ишлари агентлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ёшлар парламентлари аъзолари ва агентлик директори, сенатор Алишер Саъдуллаев иштирокида учрашув ташкил этилди.
Унда Ёшлар парламентларининг фаолияти, келгусидаги режалар ва уни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумки, ўтган давр мобайнида ушбу тузилма ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини юксалтириш, уларни қонун ижодкорлиги жараёнига жалб этиш, янги қабул қилинган қонунларни ёшлар орасида тарғиб қилиш орқали йигит-қизларнинг жамият ҳаётидаги дахлдорлигини кучайтиришга хизмат қиладиган муҳим институт сифатида шаклланди.
Энг муҳими, мамлакатимиз парламентаризмида ўз ўрнини топди ва том маънода, парламент ва ёшлар ўртасида кўприк вазифасини ўтамоқда.
Учрашувда парламент аъзолари томонидан тенг имкониятлар яратиш, экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий саводхонликни оширишга оид подкастлар тайёрлаш, янги қонун ҳужжатларини муҳокама қилиш учун платформалар ташкил этиш ва молиявий ёрдам масалалари юзасидан таклифлар билдирилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА