Хабарингиз бор, жорий йилги давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Унда қайд этилишича, Ўзбекистонда 2025-2027 йилларга мўлжалланган пластик билан ифлосланишни камайтириш бўйича миллий дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Хусусан, 2027 йилдан бошлаб пластик пакетларни ишлаб чиқариш, олиб кириш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш ҳамда экологик жиҳатдан зарарсиз (биопарчаланувчи) пакетлардан фойдаланишни рағбатлантириш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, пластик маҳсулотларининг кимёвий таркибидаги зарарли моддалардан фойдаланишни чеклаш ва қадоқларда қайта ишланган пластикдан фойдаланиш коэффицентларини белгилаш режалаштирилган. Ҳужжат лойиҳаси 2025 йилнинг сентябригача ишлаб чиқилиши ва 2025 йилнинг ноябригача Вазирлар Маҳкамасига киритилиши кутилмоқда.
Давлат дастурини амалга ошириш тўғрисидаги президент қарори лойиҳасига кўра, 2025 йил 1 ноябрга қадар пластик қадоқларни ёки пластик қадоқларда маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда импорт қилувчиларга қуйидаги мажбуриятларни юклайдиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган. “Тараларни қайтариш”, ушбу турдаги чиқиндиларни қабул қилувчи махсус жойлар ва ускуналарни ўрнатиш орқали йиғиб олиш ва утилизация қилиш, утилизация йиғимини тўлаш бўйича кенгайтирилган мажбуриятни жорий қилиш назарда тутилган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, бугунги кунда юздан ортиқ мамлакатда бир марталик пластик пакетларга тўлиқ ёки қисман тақиқ жорий қилинган. 2010 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда пластикни босқичма-босқич йўқ қилишга қаратилган давлат дастурлари сони уч баравар ошган.
Ш.Маматуропова, ЎзА