Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналарга қўйиладиган талаблар, шунингдек, уларни тамғалаш, идентификация қилиш ҳамда мувофиқлигини баҳолаш тартибини назарда тутувчи Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент;
Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни жорий этиш схемаси тасдиқланди.
Мазкур Техник регламент инсон ҳаёти ва саломатлигини, мол-мулки ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда истеъмолчиларни чалғитадиган хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида портлаш хавфи бўлган муҳитда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши ва бажарилиши мажбурий бўлган ягона талабларни белгилайди.
Техник регламент талаблари мажбурий тартибда мувофиқлиги баҳоланадиган портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар рўйхатига нисбатан қўлланилади.
Регламент қуйидагиларга татбиқ этилмайди:
портлаш муҳитида фойдаланиш мумкин бўлмаган техник қурилмалар, ўз таркибида портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар ва беқарор кимёвий бирикмаларга (портловчи моддалар, порох ва бошқалар);
ёнувчан газнинг кутилмаганда сизиб чиқиши натижасида портлаш муҳити ҳосил бўлган шароитларда маиший ва носаноат мақсадларида фойдаланиш учун газдан фойдаланиладиган ускуналарга;
Ўзбекистон Республикаси чегараси орқали транзит олиб ўтилаётган асбоб-ускуналарга;
тиббий маҳсулотларга;
шахсий ҳимоя воситаларига;
умумий фойдаланишда бўлган ҳаво, автомобиль йўли, темир йўл ёки сув транспортида ўрнатилган асбоб-ускуналарга;
ядровий тадқиқот асбоб-ускуналарига ва улардаги портлаш муҳитида жойлашган асбоб-ускуналарга.
Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналарни ишлатиш қоидалари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан ўрнатилган тартибда белгиланади.
ЎзА