Маълумки, қиш кунлари юртдошларимиз тоғли ҳудудларда дам олишни хуш кўради. Шу сабаб, ушбу ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида ФВВ ва бошқа тегишли ташкилотлар ходимларидан иборат навбатчилик ташкил этилган бўлиб, кучайтирилган тартибда хизмат олиб борилмоқда.
Хусусан, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 25 дан ортиқ дам олиш гўшалари мавжуд. Бу даргоҳлар нафақат аҳолимиз, балки юртимиз меҳмонларига сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Албатта, ушбу ҳудудларда фуқаролар мароқли дам олиши ва хавфсизлигини таъминлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Айни шу мақсадда ФВВ, Ички ишлар, Миллий гвардия каби қатор масъул ташкилотлардан юзлаб ходимлар жалб қилинган бўлиб, туну кун навбатчилик асосида хизмат олиб боришмоқда. Соҳа ходимлари томонидан дам олиш масканларида фуқароларга дор йўлларидан ҳамда чанғилардан фойдаланишда ҳавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишлари учун турли зарурий тавсиялар берилмоқда.
Шунингдек, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан бино ва иншоотларда келиб чиқиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида қатор тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
–Ҳудудимизда меҳмонларимиз кўп, –дейди дам олиш маскани ходими Жамшид Раҳимбердиев. – Шу сабаб ФВВ, Ички ишлар, Миллий гвардия ва Туризм қўмитаси ходимлари туну-кун биз билан ҳамкорликда ишламоқда. Келган туристлар билан мулоқот қилиниб техника хавфсизлигига риоя қилган ҳолатда уларга тушунча беришмоқда. Албатта, бу каби профилактик тадбирлар кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини асраш ҳамда дам олиш кунларини хавфсиз ва мароқли ўтказишда муҳим аҳамият касб этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА