“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали эркин ва ижодий фикрлайдиган ёшларни нуфузли хорижий олийгоҳларга ўқишга юбориш кўламини 2 бараварга ошириш вазифаси белгиланган. Хўш, Жамғарманинг ўтган 2024 йилдаги фаолияти қандай кечди?

2024 йилда “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 500 ўринга (100 ўрин бакалавриат, 250 ўрин магистратура ва 150 ўрин докторантурага) мўлжалланган очиқ стипендия танлови ташкил этилган. Мазкур танлов доирасида квотанинг 65 фоизи фан ва технологиялар, математика, муҳандислик, архитектура, соғлиқни сақлаш, дизайн, санъат ва маданият, туризм соҳаларига йўналтирилган. Танловда жами 4 минг 17 нафар номзод иштирок этган ҳамда якуний натижаларга кўра жами 411 нафар (бакалавриатга 146 нафар, магистратурага 232 нафар ва докторантурага 33 нафар) номзод Жамғарма стипендияси ғолиби деб топилган.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, 2024 йилда Жамғарма стипендиати деб эътироф этилганларнинг 263 нафари эркак ва 148 нафари аёллардан иборат. Уларнинг 174 нафари Буюк Британияда, 147 нафари АҚШда, 22 нафари Италияда, 18 нафари Австралияда, 12 нафари Германияда, 10 нафари Малайзияда ва 28 нафари бошқа турли мамлакат университетларида таҳсил олади. 180 нафар стипендиат халқаро рейтинглардаги ТОП-100 талик, 231 нафари эса ТОП-300 талик университетда таълим олади.

Шу билан бирга, номзодларнинг ҳудудлар кесимидаги таҳлилига кўра, 78 нафар Тошкент шаҳри, 43 нафар Самарқанд вилояти, 33 нафар Фарғона вилояти, 32 нафар Бухоро вилояти, 31 нафар Жиззах вилояти, 29 нафар Қашқадарё вилояти, 28 нафар Наманган вилояти, 25 нафар Сурхондарё вилояти, 24 нафар Қорақалпоғистон Республикаси, 22 нафар Навоий вилояти, 22 нафар Тошкент вилояти, 21 нафар Андижон вилояти, 16 нафар Хоразм вилояти ва 7 нафар Сирдарё вилояти каби ҳудудлар улушига тўғри келмоқда.

Жамғарманинг 2024 йилда ғолиб бўлган стипендиатлари ривожланган 10 ортиқ давлатнинг 105 га яқин университетида таълим олади. Уларнинг бугунги кун ҳолатига 285 нафари хорижга таълим олиш учун юборилди. Мазкур стипендиатларнинг 95 фоизи G7 мамлакатларидаги нуфузли университетларда таълим олиши режалаштирилган.

Айни вақтда Жамғарманинг 730 нафар стипендиати хорижий нуфузли университетларда таълим олмоқда. Бундан ташқари 1 минг 340 нафар стипендиат Ўзбекистонга қайтиб, хорижда тўплаган илғор билим ва кўникмаларини иқтисодиётнинг турли тармоқларида, таълим, фан, тиббиёт ҳамда давлат бошқаруви йўналишларида меҳнат фаолиятида қўллаб келмоқда. Жамғарма томонидан 2024 йилда хорижий давлатларнинг нуфузли университетлари ва халқаро таълим ташкилотлари билан 150 дан ортиқ учрашув ва вебинарлар ўтказилди, 10 дан ортиқ икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди ҳамда бунинг натижасида стипендиатларнинг ўқиш харажатларидан 20 фоиздан 55 фоизга қадар чегирмалар олишга эришилди.

2025 йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси очиқ стипендия танловларида иқтисодиётнинг драйвер соҳаларига (энергетика, транспорт, архитектура ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, санъат ва маданият, туризм ҳамда STEM) квоталар ажратишга устуворлик берилади ҳамда мазкур соҳалар учун умумий квоталарнинг 65-70 фоизи ажратилади.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендия танловлари борасида қатор янгиликлар кутилмоқда. Хусусан, вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимларининг касбий билим, малакаларини ошириш мақсадида ривожланган мамлакатлардаги етакчи хорижий университетлар, илмий марказлар, турли компания ва ташкилотларда стажировка ўташ имкониятлари яратилиши кутилмоқда.

Жамғарманинг хорижда таълим олаётган ва битирган стипендиатлар билан доимий мулоқот майдонини яратиш мақсадида “Эл-юрт умиди” платформаси яратилади. Шу билан бирга, таълим дастурларини тамомлаган стипендиатларнинг Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун устувор ҳисобланган соҳалар бўйича етакчи халқаро ташкилотларда, хорижий давлатлар идора ва ташкилотларида ҳамда йирик компанияларда стажировка ўташи учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш устида ишланмоқда.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА