Индонезия БРИКСга тўлақонли аъзо бўлди, деб хабар тарқатди Бразилия ҳукумати.

Мамлакат ТИВ сайтида эълон қилинган хабарда айтилишича, Жанубий Америка давлатининг БРИКСга раислиги 2025 йил 1 январда бошланиб, 31 декабргача давом этади. Айни ваколатдан фойдаланиб, Бразилия ҳукумати 6 январь куни Индонезия Республикаси БРИКСга расман тўлақонли аъзо бўлганини эълон қилди. 

Ушбу мамлакат номзоди 2023 йил августда Йоханнесбург саммитида гуруҳ етакчилари ўртасида консенсус йўли билан маъқулланган, ўшанда Индонезияда президентлик сайлови ўтказилаётган, янги ҳукумат тузилаётган эди.

Ўтган йил 20 декабрь куни Бразилия ташқи ишлар вазири Мауро Виейра БРИКС “Катта йигирматалик” давлатлари форматига яқинлашаётганини айтганди. Россия, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва Жанубий Африка Республикаси томонидан асос солинган тузилмага ўтган йил Миср, Эфиопия, Эрон ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳам қўшилган.