Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Маҳаллабай” ва “корхонабай” ишлаш тизимлари ҳамда соҳани рақамлаштириш борасидаги ишлар натижаси солиқ тушумларини сезиларли даражада оширди.

Хусусан, солиқ органлари томонидан республика бўйича бюджетга 199,6 трлн. сўм солиқ тушумлари таъминланиб, 2023 йилга нисбатан 20 фоиз ўсишга эришилди. Туман ва шаҳарлар бюджетига тушумлар 24 фоизга ошди. Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри – 27 фоиз, Сирдарё – 25 фоиз ва Тошкент вилояти – 23 фоиз юқори ўсиш кузатилди.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари 31,4 фоизга (+1,4 трлн.сўм) ўсди. Тошкент шаҳри – 63,6 фоиз, Тошкент вилояти – 42,5 фоиз, Андижон – 37,6 фоиз, Сурхондарё – 32,2 фоиз ўсиш даражаси юқори бўлди. АОСдан 2,8 трлн. сўм туширилиб, ўтган йилга нисбатан 17,5 фоизга ўсди.

Фойда солиғи 29,1 фоизга жумладан, йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси 30,8 фоизга ва ҳудудларда 19,6 фоизга ўсди. Сирдарёда 1,8 бараварга, Қорақалпоғистон Республикасида 1,5 бараварга, Хоразмда 1,4 бараварга тушумлар ўсиб, республика даражасидан юқори. ҚҚС 16,4 фоизга (+5,6 трлн.) ўсди. Сирдарёда 39,2 фоиз, Тошкент шаҳрида 31,7 фоиз, Тошкент вилоятида 27,6 фоиз, Жиззахда 25,8 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида 23,7 фоиз ўсди ёки республика даражасидан юқори.

Бундан ташқари, солиқ органлари ходимлари томонидан манзилли кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида 64,5 мингта вақтинча молиявий қийинчиликка дуч келган кичик тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тикланди, 134,8 мингта янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида йўл қўйилган хато ва камчиликларни ўз вақтида тузатиш имконини берувчи “Автокамерал” тизими натижасида 37,9 трлн. сўмга ихтиёрий равишда қайта ҳисоботлар тақдим этилиб, хатоликлар бартараф этилди ҳамда 13,8 трлн. сўмлик молиявий жарималар қўлланилишининг олди олинди.

Соҳани рақамлаштириш борасида амалга оширилган ишларга эътибор қаратадиган бўлсак, Маълумотларни қайта ишлаш маркази ва серверлар янгиланди, замонавий телекоммуникация ускуналари ўрнатилди. Солиқ органларининг алоқа инфратузилмаси ва ахборот хавфсизлиги тизимлари модернизация қилинди, солиқ маъмуриятчилиги учун ягона рақамли платформа яратилди, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш учун замонавий технологиялар жорий қилинди, солиқ тўловчиларга реал вақт режимида тақдим этиладиган хизматлар рўйхати кенгайтирилди.

Бугунги кунда ҳисобварақ-фактура ва касса чеклари 100 фоиз электрон шаклда расмийлаштирмоқда. Бу маълумотлар ҳисоботларда автоматик акс этиб, автоматлаштириш даражасини оширишда энг муҳим восита бўлди.

Солиқ тўловчиларга кўрсатилаётган электрон хизматларнинг содда ва қулай бўлишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Солиқ” мобил иловасидан ҳам жисмоний, ҳам юридик шахсларнинг бирдай фойдаланиш имконияти яратилди. Ҳозир тадбиркор, фуқаро “Солиқ” мобил иловасидан фойдаланиб, дунёнинг қайси бурчагида бўлишидан қатъий назар, ўз мажбуриятини бажариши мумкин.

Корхона раҳбари ёки таъсисчи бутун бошли бизнесининг бухгалтерияси қандай ишлаётганини кузатиб бориши, қонуний ишлаётган бизнес ҳамкорларни танлаши мумкин. Бу эса ўзаро ишончли ва мустаҳкам ҳамкорлик гаровидир. Ўтган йил декабрь ойининг ўзида ушбу иловадан 115 млн. мартадан кўп фойдаланилган.

“Қуёшли хонадон” хизмати орқали 10,2 минг нафар фойдаланувчига 11,6 млрд. сўм, “Ижтимоий кешбэк” хизмати орқали 135,7 мингта фойдаланувчига 24,6 млрд. сўмлик субсидия бюджетдан қайтарилди. Шунингдек, харидорларга берилаётган онлайн чеклар таҳлили орқали қайси ҳудудда қандайдориларга талаб кучайганлигига қараб, касалликларнинг олдини олишга қарши тезкор қарор қабул қилиш имконияти яратилди. Бу яқин келажакда ҳар бир маҳсулот бўйича истеъмол эҳтиёжи ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиш имкони пайдо бўлади. Бу эса бюджет маблағлари тақсимотида аҳоли эҳтиёжига қараб истеъмол товарлари импорт-экспорти, ишлаб чиқариш ёки етиштириш ҳажмини олдиндан белгилашга имкон беради.

Шу ўринда айтиш жоиз, Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингида ҳар бир тадбиркор ўз ўрни ва баҳосини реал вақтда билиб бориши мумкин бўлди. Ҳозирда “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги” электрон онлайн платформасида жами 520,6 мингта тадбиркорлик субъекти баҳоланган. Бугун тадбиркорликка яратилган қулай шароитлар сабаб, тадбиркорлар билан ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилди. 31 минг тадбиркор барқарорлик рейтингини яхшилаб, ҳалол тадбиркорлар сафини кенгайтирмоқда. Умумий юқори рейтингдаги тадбиркорлар сони 4,5 бараварга кўпайиб, жами 7,5 мингдан ошди. ААА рейтингдаги тадбиркорларнинг 1107 тасига 1,9 трлн. сўмлик ҚҚС суммаси 1 кунда текширувларсиз қайтариб берилган.

Солиқ билан боғлиқ саволларга 24/7 режимида Call-марказ орқали 774,2 мингдан ортиқ мурожаатларга, “Солиқ органлари билан қайта алоқа” ахборот тизимида 68 860 та қисқа хабарларга мутахассисларнинг жавоблари берилди.

АОКАда Солиқ қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимова иштирокидаги брифингда маълум қилинишича, 2025 йилда 224 трлн. сўм солиқ тушумларини таъминлаш вазифаси белгиланди. Шунингдек, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатишни рақамли трансформация орқали янада яхшилаш, КПИ мезонлари асосида маҳаллабай ва корхонабай ишлаш тизимини ривожлантириш вазифаси белгиланган.

Яширин иқтисодиётга қарши курашда солиқ назорати инструментларини такомиллаштириш, Давлат улуши юқори бўлган корхоналарда харажатларни назорат қилиш ва солиқ мониторингини жорий этиш кўзда тутилган.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА