Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ҳуқуқи ташаббуси асосида ишлаб чиқилган — қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасининг муҳокамасига киритиш ва кўриб чиқиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, қабул қилинаётган қонунларнинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши аҳоли фаровонлигини оширишга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифати янги қабул қилинган қонунларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, миллий қонунчиликка, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига мувофиқлигини таъминловчи тартиб ва механизмларнинг самарадорлигига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда самарали қарорлар қабул қилишнинг энг муҳим шарти жамоатчилик муҳокамалари натижалари бўйича намоён этилган фуқароларнинг фикрлари ва позицияларини ўрганиш ҳамда инобатга олишдир.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан, қонун лойиҳаларини парламентга киритишда қонун лойиҳасининг ва халқаро шартнома матнининг ҳуқуқий экспертизалари натижалари ҳамда қонун лойиҳасининг коррупцияга қарши экспертизаси ва жамоатчилик муҳокамаси натижаларини тақдим этиш, шунингдек, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилингунига қадар уни чақириб олиш юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига таклиф киритиш ҳуқуқини бериш, қонунлардаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш ва ҳаволаки нормаларни амалга ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти сифатини ҳамда қонунларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ролини янада оширишга хизмат килади.

Савол-жавоб ҳамда муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА