Корея Халқ Демократик Республикаси синовдан ўтказган охирги учоқ товуш тезлигидан 12 карра тезроқ ҳаракатланиши айтилмоқда.

Шимолий Корея Тинч океани минтақасидаги барча рақибларини ишончли тарзда нишонга оладиган гипер товуш каллакли, янги ўрта масофага мўлжалланган баллистик ракетани учирди, деб ёзди бу ҳақда BBC.

Кеча уюштирилган мазкур амалиёт АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Сеулда Жанубий Корея етакчилари билан музокара ўтказаётган пайтга тўғри келди.

Одатда гипер соник қуролни кузатиш ва отиш қийин, чунки бундай қурилмалар товуш тезлигидан камида беш марта тез учади. КХДР томонидан бу галги қурол товушдан 12 баробар юқори тезликда тахминан 1500 километрни босиб ўтгани даъво қилинмоқда.

Жанубий Корея ҳарбийлари аввалроқ ракета денгизга тушишидан олдин 1100 км парвоз қилгани ва бундай иғвогарона ҳаракат қатъий қораланишини билдирганди.

Пхенянь таъкидлашича, углерод толасидан ясалган двигателга эга мазкур замонавий учоқ янгича парвоз ва йўналишни бошқариш тизими билан жиҳозланган.

Давлат раҳбари Ким Чен Ин душанба кунги ракета синови “рақибларга биз нима қилаётганимизни, қонуний манфаатимизни ҳимоя қилиш учун ҳар қандай воситалардан фойдаланишга тўлиқ тайёрлигимизни яққол кўрсатди”, деди.

Карнеги жамғармаси ядро қуроли бўйича мутахассиси Анкит Панда фикрича, янги қурол ишга туширилиши ҳайратланарли воқеа эмас.

– Шимолий Корея бир неча йилдан бери ракетадан фойдаланиш учун мураккаб материаллар билан ишлаётганини биламиз, – деди у. – Ушбу материаллар жозибадорлиги фойдали юкнинг унумдорлиги ва ишончлилигини кенг миқёсда оширишдан иборат.

Қуролни назорат қилиш ва тарқатмаслик маркази маълумотига кўра, гипер товушли аслаҳалар олдиндан мавжуд бўлса-да, сўнгги йилларда яратилган ракеталар анча чаққон, атмосферага тез кириб боради ва қочиш манёврларига эга.

Гипер соник ракетани фазовий ўлчагич ёрдамида аниқлаш мумкин. Турли ҳисоботлар кўрсатадики, бундай қурилмалар олдиндан айтиб бўлмайдиган траекториясига қарамай, гипер товушли ракетани тутиб оладиган технологияга эга.

Дарвоқе, Узоқ Шарққа ташрифи чоғида АҚШ Давлат котиби Жанубий Корея Президенти вазифасини бажарувчи Чой Сан-мок билан учрашди. У Вашингтон ва Сеул иттифоқини “Корея ярим оролидаги тинчлик ва барқарорлик пойдевори” дея таърифлади.

Мусулмон Зиё, ЎзА