Иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун Маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш жараёнлари муҳим ҳисобланади.
Бу борада кимё саноати салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқариш занжирларини мустаҳкамлаш ҳамда янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш йўналишларида қатор амалий чоралар кўрилмоқда.
Бу ҳақда кенгроқ маълумот олиш мақсадида “Ўзкимёсаноат“ акциядорлик жамиятнинг маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш бўлими бошлиғи Абдуҳамид Саломов билан суҳбатлашдик.
– Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2024 йилда қандай натижаларга эришилди?
– Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда ушбу дастурнинг аҳамияти катта. Шу сабабли, ишлаб чиқаришда ушбу дастур ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунга асосан ўтган йилда “Ўзкимёсаноат“ АЖ тизимидаги корхоналарда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 30 та лойиҳа амалга оширилди. Ушбу лойиҳалар доирасида 3,12 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлса, аслида 3,86 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу режа 123,6 фоизга бажарилганини англатади.
Буларнинг барчаси ички ресурслардан самарали фойдаланиш ва инновацион ечимларни жорий этиш натижасида амалга ошганини эътироф этиш лозим.
– Қайси маҳсулотларни ишлаб чиқаришга кўпроқ эҳтиёж ошмоқда?
– Албатта, ишлаб чиқаришда бозор талабини ўрганиш жуда муҳим. Шундан келиб чиқиб, корхоналаримизда натрий цианид, поливинилхлорид, натрий гидроксид, тиомочевина, сульфат кислотаси, полиакриламид каби муҳим хомашё ва маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Бундан ташқари, экспорт ва ички бозор учун янги турдаги маҳсулотлар – гидроксипропилметил-целлюлоза, пахта целлюлозаси, аммоний хлорид, калий сульфат ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Айнан шу маҳсулотларга бозорда талаб ҳам юқори дейиш мумкин.
– 2025 йилда қандай янги лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган?
– Жорий йилда 170 миллиард сўм ёки 13,1 миллион доллар миқдоридаги 7 та янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу лойиҳалар доирасида ўрта ҳароратли катализатор, коагулянт, каталитик тизимлар ва кўпикли полипропилендан маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Шунингдек, санитария соҳаси учун бир марталик тиббий кийим, маиший ва автомобиль кимёвий моддаларини ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз.
– Саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича галдаги режалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Ҳозирда маҳаллий корхоналар билан саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Мисол учун, компенсацияловчи ускуналар, барботёр, шнеквали, гидроциклон насадкаси каби маҳсулотларни ишлаб чиқаришда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу нафақат импортни қисқартириш, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг имкониятларини оширишга хизмат қилади.
Маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш мамлакатимиз иқтисодиёти учун катта аҳамиятга эга. “Ўзкимёсаноат“ АЖ тизимида амалга оширилган лойиҳалар нафақат ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминламоқда, балки экспорт салоҳиятини ҳам оширмоқда. Янги йилда режалаштирилган лойиҳалар ва ҳамкорликлар кимё саноатида янада юқори натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди.