8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни

“Прокуратура тўғрисида”ги қонунга кўра, прокуратура органлари қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш бўйича фаолият юритади.

Ўзбекистон прокуратура органлари ушбу йўналишлар билан бир қаторда аҳоли манфаатларини таъминлаш бўйича ҳам изчил фаолият юритмоқда.

Ўтган йилда прокурорлар секторларидаги “Темир дафтар”га киритилган 7 мингдан зиёд оилага ҳар томонлама кўмак берилиб, 3 мингдан ортиқ ишсизлар бандлиги таъминланди.

Прокурорлар ташаббуси билан 700 дан ортиқ бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, уларда 10 мингга яқин ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Бу каби ишлар, аввало, жамиятда барқарорликни таъминлашга, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутиши билан аҳамиятлидир.

2024 йилда прокуратура органлари томонидан аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 160 мингга яқин назорат ҳужжати қўлланилиб, 360 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Назорат тадбирлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилгани аниқланган 3 триллион сўмликка яқин зарарнинг ундирилиши таъминланган.

Аҳолининг кундалик турмушида муҳим ўрин тутаётган ёқилғи-энергетика соҳасида қонунийликни таъминлаш прокуратура органлари, айниқса, Бош прокуратура раҳбариятининг алоҳида эътиборида турибди.

Шу мақсадида ҳар куни республикамиз бўйлаб ўрганиш ва назорат тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда. Аниқланаётган камчиликлар жойида бартараф этилиши учун зарур чоралар кўрилмоқда. Қишки мавсумда ўтказилган рейд тадбирларида 100 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолат фош этилди.

Халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқаролар муаммоларини ҳал этишга устувор аҳамият қаратилиб, тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ҳал қилиш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Иқтисодиётнинг муҳим таянчи бўлган тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак бериш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувлар ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга доир вазифалар ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тадбиркорлар, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг 30 минга яқинига “тез ёрдам” тамойили асосида амалий ёрдам кўрсатилди.

Натижада фаолият кўрсатмаётган 8 мингга яқин тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланиши ҳисобига 10 мингдан ортиқ иш ўрни йўқотилишининг олди олинди.

Шу билан бирга, 22 мингга яқин ҳолатда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув ва бюрократик тўсиқлар аниқланиб, бартараф этилди. 16 мингга яқин тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Хорижий инвесторлар фаолиятида юзага келган 3 мингдан зиёд муаммо ижобий ҳал этилди.

Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги тадбирлар тизимли равишда давом эттирилмоқда. Кўрилган чоралар натижасида 3 мингдан зиёд маҳаллада жиноят қайд этилмади, 5 мингга яқинида жиноятчилик барқарор сақланиб қолинишига ва камайишига эришилди.

Тезкор – қидирув соҳасида ҳам назорат кучайтирилиб, ноаниқ шароитларда содир этилган 31 мингдан ортиқ жиноят фош этилиши ҳамда қидирувда бўлган 8 мингга яқин шахснинг ушланиши таъминланди.

Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Норгул Абдураимова, ЎзА