Сўнгги йилларда мактабгача ва мактаб таълими тизимида узлуксиз ислоҳотлар олиб борилиши натижасида таълим масканларининг сони ва улардаги сифат кўрсаткичи йилдан йилга ортиб бормоқда.
Хусусан, ўтган йил давомида мамлакатимиз миқёсида 4 минг 644 та мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилган ва бунинг натижасида қўшимча 170 мингдан ортиқ бола ўрни яратилган. Ушбу боғчаларнинг 86 таси давлат, 57 таси ДХШ асосида ташкил этилган нодавлат, 10 таси хусусий ҳамда 4 минг 491 таси оилавий нодавлат боғчалардир. Болаларнинг мактабгача таълимга қамров даражаси 76 фоизга, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов қамрови 96 фоизга етказилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, касб-ҳунарга ўқитиш амалиёти жорий этилган мактаблар сони 289 тага, янги баҳолаш тизими жорий этилган мактаблар сони 1 минг 500 тага, иккинчи хорижий тил ўқитиладиган мактаблар сони 354 тага етказилди. Мактабларда хорижий тилларни оммалаштириш мақсадида хорижий давлатлардан 500 нафар чет тили фани ўқитувчиси жалб этилди. Тил билиш бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга хорижий тил ўқитувчиларининг сони 29 минг нафардан ошди.
Ўқитувчиларга малака тоифаларини бериш тизими такомиллаштирилиб, 340 минг нафарга яқин педагоглар янги тартиб асосида малака синовларидан, биринчи марта ишга қабул қилинган 13 мингга яқин стажёр-ўқитувчилар касбий сертификациядан ўтказилди. Умумий ўрта таълим мактаблари учун 132 номдаги янги дарсликлар яратилиб, 40 миллиондан ортиқ нусхада чоп этилди. 7 мингга яқин давлат боғчалари 49 номдаги ўқув-методик ва дидактик материаллар билан таъминланди.
Мактаб ўқувчилари томонидан халқаро миқёсдаги турли фан олимпиадаларида жами 128 та, жумладан 15 та олтин, 36 та кумуш ва 77 та бронза медаллари қўлга киритилди. Ўтган 2024 йилда 420 минг нафардан ортиқ раҳбар ва педагог кадрлар малакаси оширилди. 142 нафар педагог Франция, Хитой, Туркия, Беларусь, Россия, Буюк Британия, Жанубий Корея каби хорижий давлатларда малака оширди.
2 минг 700 нафарга яқин мактаб директори ва директорликка номзодлар “Менежерлик ўқув курси”да ўқитилди ва уларнинг қарийб 1800 нафарига сертификат берилди. 400 тадан ортиқ мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди ва 105 мингдан ортиқ янги ўқув ўрни яратилди. Шунингдек, 115 та нодавлат мактаб ташкил этилиши натижасида 40 мингга яқин ўқувчи ўрни яратилди. Умумтаълим мактаблари қарийб 62 миллиард сўмлик спорт жиҳозлари, 46 миллиард сўмлик миллий мусиқа чолғу асбоблари билан таъминланди.
Инклюзив таълим жорий этилган мактаблар сони 947 тага етказилиб, унга 2 минг нафарга яқин ўқувчи қамраб олинди. Бухоро, Наманган ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида “Меҳрли мактаб” филиаллари фаолияти йўлга қўйилди.
“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 104 минг нафар ўқувчи халқаро сертификатни қўлга киритди.
Аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш кўлами ва сифати мунтазам ошириб борилиши натижасида 70 мингга яқин фуқарога шаҳодатнома дубликатини бериш, 2 минг 500 нафарга яқин чет эл фуқароларининг фарзандларини мактабга қабул қилиш, 110 минг нафарга яқин ўқувчиларни бир мактабдан бошқа мактабга кўчириш бўйича давлат хизматлари кўрсатилди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида давлат муассасаси шаклида Фан олимпиадалари маркази ташкил этилди. Вазирлик ҳузуридаги А.Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти қайта ташкил этилиб, унинг таркибидаги 13 та Педагогик маҳорат маркази трансформация қилинди.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Самарқанд вилоятидаги жами 504 ўринли филиаллари ташкил этилди. Президент мактаблари SAT халқаро сертификати имтиҳонларини ўтказадиган расмий марказ сифатида тан олинди. Президент мактаблари битирувчиларининг 81 фоизи халқаро математика ва инглиз тилини билиш даражасини баҳоловчи (SAT) сертификатлари, ижод мактаблари битирувчиларининг 90 фоизи, ихтисослаштирилган мактаб битирувчиларининг 56 фоизи халқаро ва миллий даражадаги сертификатларни қўлга киритди.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида Баҳодир Жалолов ва Оксана Чусовитина номидаги спорт мактаблари ташкил этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА