Зилзила ер қобиғида тўсатдан содир бўладиган силжиш ва узилишлар натижасида юзага келувчи ҳамда катта масофаларга узатиладиган ер ости силкинишлари ва ер юзасининг тебранишидир. Умуман олганда, зилзила табиий офатларнинг энг хавфли тури ҳисобланади.
Хўш, бино ва иншоотлар неча балли зилзилага чидамли ҳисобланади? Зилзилага бардошли иншоотларни барпо этишда қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
Тошкент давлат транспорт университети профессори Улуғбек Шермуҳаммедов бу борада қуйидагиларни гапириб берди:
– Бино ва иншоотлар учун интенсивлиги 7 ва ундан ортиқ балли зилзилалар хавфли ҳисобланади. Сейсмиклиги 9 баллдан ортиқ бўлган ҳудудларда иншоотларнинг қурилиши иқтисодий жиҳатдан жуда номақбул ҳисобланади. Чунки зилзила вақтида уларнинг бутлиги тўлиқ сақланиб қолинишини таъминлаш учун антисейсмик чораларни амалга оширишда катта сарф-харажатлар талаб этилади. Шунинг учун меъёрларда кўрсатмалар сейсмиклиги 7-9 балли ҳудудлар билан чегараланади.
Хусусан, 1923 йилда Япониянинг Токио шаҳрида магнитудаси 8,2 баллни ташкил этган ва 143 минг кишининг ҳалок бўлишига сабаб бўлган зилзиланинг келтирган сейсмик зарари 3 млрд. долларни ташкил этган. Зилзила ва цунами натижасида Японияда автойўллар 582 жойидан, кўприклар эса 32 жойидан шикастланганлиги аниқланди. Йўлларда кўплаб ёриқлар пайдо бўлган, айрим ҳолатларда эса йўл полотнолари ва кўприклар бутунлай бузилиб кетган.
2023 йилнинг 6 февралида Туркиянинг жануби-шарқида 7,8 магнитудали ҳамда Сурияда ҳам кучли зилзилалар содир бўлди. Туркияда «аср фалокати» деб аталаётган ер силкиниши оқибатида 100 мингдан ортиқ бино ва иншоотлар вайрон бўлгани аниқланган. Шундан сўнг яна кўплаб зилзилалар кузатилди. Зилзила оқибатида вафот этганлар сони Туркияда 46 минг нафар, Сурияда эса 9 минг 112 нафардан ошган.
Республикамиз ҳудудида бино ва иншоотларнинг, транспорт иншоотлари, жумладан, кўприк, йўл ўтказгич, эстакада, тоннел ва метрополитенларнинг зилзилага бардошлилигини таъминлаш ўта муҳим масаладир.
Ҳозирги кунда бизнинг кўприксозлигимизда, андозавий лойиҳалаш ва қуриш тамойилларидан секин-аста воз кечилиб, замонавий лойиҳалаш ва қуриш услублари ўрганилмоқда ҳамда янги техника ва технологиялар қўлланилмоқда. Дунёнинг кўпгина ривожланган мамлакатларида яхлит (монолит) усулда барпо этиладиган узлуксиз схемали темирбетон кўприк ва йўлўтказгичлар яхши ривожланган. Бундай темирбетон конструкциялар мустаҳкам ва узоққа бардошли, шунингдек, юқори кўрсаткичларга эга эканлиги билан ажралиб туради.
Монолит қурилишнинг асосий хусусияти шундаки, узлуксиз схемали темирбетон кўприклар ва йўлўтказгичлар ҳамда бошқа муҳандислик иншоотлари учун материал ишлаб чиқариш учун жой бевосита қурилиш майдончасидир. Узлуксиз темирбетондан фойдаланиш турли хил меъморчилик шаклларини амалга оширишга имкон беради, шунингдек, пўлат сарфини 7-20 фоизга, бетон сарфини эса 12 фоизгача камайтириш мумкин.
Бундан ташқари, ушбу усулнинг бир қатор афзалликлари мавжуд бўлиб, таянчларни тезкор равишда ўрнатиш ва қурилиш ишларини кейинги босқичга ўтишини соддалаштириш имконини беради.
Республикамиз ҳудудининг аксарият қисми сейсмик хавфли зонага киради. Шунинг учун кўприк, йўлўтказгич ва эстакадаларни лойиҳалаш ва қуриш ишларига юқори талаблар қўйилмоқда. Тошкент зилзиласидан сўнг сейсмик нуқтаи назардан хавфли ҳудудларнинг ер қаъридаги тузилишини ўрганишга оид комплекс изланишлар ҳамда бино ва иншоотларнинг бузилиш даражалари таҳлили амалга оширилди.
Ўтган асрнинг 60 йиллари бошида Ўзбекистон сейсмик районлаштириш харитасини тайёрлаш, Ўзбекистонда 1911 йилдан бошлаб тўплаб келинган сейсмик кузатишларга оид катта ҳажмдаги материалларни тизимлаштириш ва таҳлил қилиш бўйича жуда катта ишлар олиб борилган эди. Қурилаётган биноларни мустаҳкамликка ҳисоблашда фойдаланиладиган сейсмик районлаштириш хариталаридаги маълумотлар ўта тақрибий кўринишда берилган, шунинг учун уларнинг аниқлиги мазкур шароитларда содир бўлиши мумкин бўлган сейсмик таъсирларни баҳолаш учун етарли даражада бўлмаган.
Зилзилалар акселерограммалари бўйича иншоотларни динамик ҳисоблашларни бажариш масаласи зилзилабардош қурилишни дунё бўйича амалиётидаги бугунги куннинг энг асосий масаласи ҳисобланади. Шуни таъкидлаш жоизки, бундай ҳисоблашлар сейсмоизоляциялаш ва сейсмосўндириш тизимларини лойиҳалаш, кўп оралиқли йирик кўприкларни, ноёб бинолар ва бошқа стратегик муҳим объектларни ҳисоблаш, иншоотларнинг шикастланувчанлигини баҳолашда ва ҳ.к. ларда аҳамияти улкан.
Ҳозирги вақтда ҳисоблаш акселерограммаларини моделлаштиришда иккита қарама-қарши ёндашув ҳосил бўлган: қурилиш майдончаси учун таъсирни моделлаштириш ҳамда иншоот учун таъсирни моделлаштириш. Сейсмоизоляция параметрларини танлаб олиш мақсадида кўриб чиқилаётган сейсмик ҳимоя тизимлари самарадорлигини аниқлашга имкон яратувчи зилзилалар акселерограммалари бўйича турли хил тизимларни ҳисоблаш ишларини бажариш керак бўлади.
Ўзбекистон Республикаси кўприксозлик соҳасининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, шаҳарларда узлуксиз темирбетон кўприклар ва йўлўтказгичларни лойиҳалаш ва қуришнинг имконияти ўзига хос тадқиқот ва рационал ечим ишлаб чиқишни талаб қилади. Ҳозирги вақтда турли схемадаги кўприкларни сейсмоҳимоялаш соҳасида кўплаб илмий ишлар амалга оширилган. Шунга қарамасдан, ҳанузгача аксарият муаммоларга ечим топилмаган ва кучли зилзилалар вақтида турли давлатларда кўплаб кўприклар шикастланган.
Шу билан бир қаторда, ҳозирги пайтда дунёда кўприк иншоотларини кўп босқичли лойиҳалашга ўтиш тенденцияси мавжуд. Сунъий иншоотларни лойиҳалашда кўп даражали ёндашув уларнинг сейсмик тебранишларининг кўплаб характерли хусусиятларини, масалан, вақтинчалик юкнинг мавжудлиги, масъуллик даражаси, кўприкларда сейсмоизоляция ва сейсмосўндириш тизимларининг хусусиятларини ҳисобга олиш имконини беради.
Транспорт қурилишида маҳаллий лойиҳа институтлари кўприкларнинг сейсмик зилзилабардошлиги бўйича ҳисоб-китобларида ҳақиқий зилзилалар ёзувларидан фойдаланмайди ва Ўзбекистон ҳудудининг маълум бир вазиятдаги сейсмиклиги тўғрисида маълумотлар йўқлиги сабабли чизиқли-спектрал ҳисоблар билан чекланади. Шу муносабат билан, кўприк иншоотларининг кафолатланган сейсмик хавфсизлигини таъминлаш учун қурилиш майдончасининг хусусиятларига доминант частоталарда содир бўлган зилзилалар ёзувлари тўплами бўйича лойиҳавий ҳисоб-китобларни амалга ошириш талаб этилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА