Шу кунларда 2025 йилнинг илк энг нуфузли мусобақаларидан бири бўлган “Freestyle Chess Grand Slam Tour-2025” турнирининг сўнгги иштирокчиларини аниқлаш бўйича онлайн саралаш мусобақалари ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 7-14 февраль кунлари Германиянинг Вайсенхаус шаҳрида ўтадиган мазкур нуфузли турнирнинг 9 нафар иштирокчиси маълум. Турнир иштирокчилари: Магнус Карлсен, Гукеш, Фабиано Каруана, Хикару Накамура, Нодирбек Абдусатторов, Алиреза Фирузжа, Левон Аронян, Винсент Кеймер ва Вишванатан Ананд.
Турнирнинг сўнгги ўнинчи қатнашчисини аниқлаш мақсадида ўтаётган саралаш ўйинларида дунёнинг етакчи шахматчилари қаторида ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров ва Шамсиддин Воҳидов ҳам қатнашмоқда.
“Freestyle Chess Grand Slam” турнирининг ортда қолган саралаш мусобақаларида гроссмейтеримиз Жавоҳир Синдоров 20 нафар шахматчи орасида 7,5 очко билан плей-офф босқичига йўл олди. Синдоров 6 ғалаба ва 3 дуранг билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 3-ўринни эгаллади. 7 та ғалаба, 1 та дуранг ва 1 та мағлубият қайд этган россиялик Денис Лазавик 7,5 очко билан 2-ўринни, словениялик Владимир Федосеев 8 очко билан 1-ўринни эгаллади.
Жавоҳир Синдоров плей-офф босқичининг 1/8 финалида хитойлик И Вейни 1,5:0,5 ҳисобида енгди. Чорак финалда ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандхага ҳеч қандай имконият қолдирмади – 2:0.
Бугун, 8 январь куни 1/2 финалда Жавоҳир яна бир хитойлик шахматчи Ю Янг Йи билан рўбарў келса, иккинчи ярим финалда ФИДЕ байроғи остида саралашда қатнашаётган Ян Непомняший Словения вакили Владимир Федосеев билан куч синашади. Шундан сўнг ғолиблар ўртасида финал баҳси ўтказилади.
Ғолиб шахматчи февраль ойида бўлиб ўтадиган “Freestyle Chess Grand Slam Tour-2025” турнирининг асосий баҳсида ўнинчи шахматчи сифатида қатнашиш имконини қўлга киритади. Мазкур саралаш турнирида иштирок этган ҳамюртимиз Шамсиддин Воҳидов 9 имкониятдан 6 очко тўплаб, 19-ўрин билан кифояланди.
Эслатиб ўтамиз, “Freestyle Chess Grand Slam Tour-2025” турнирининг умумий мукофот жамғармаси 750 минг АҚШ долларидан иборат бўлиб, унинг 88 фоизи асосий тур иштирокчилари, қолган 12 фоизи саралаш баҳсларида қатнашган шахматчилар ўртасида тақсимланади.
Т.Рўзиев, ЎзА