Қишлоқ хўжалиги соҳаси катта таваккалчиликлар билан боғлиқ. Охирги йилларда кескин иқлим ўзгариши ва сув танқислиги шароитида деҳқончилик қилиш, дунёдаги геосиёсий вазиятда аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабни қондириш мушкул масалага айланиб бормоқда.
Шу боис, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш долзарб аҳамиятга эга. Бу борада дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни суғурталаш тизими йўлга қўйилган. Масалан, Японияда 1924 йилда ҳайвонларни суғурталаш бошланган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айни масалаларга қаратилган.
— Бугунги кунда глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ табиий офатлар натижасида айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига зарар етмоқда, — деди қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов. — Жумладан, 2023 йилги қиш мавсумидаги аномал совуқ ҳарорат натижасида республикамиздаги 9,1 минг гектар боғ, 4 минг гектар узумзорларни совуқ уриши оқибатида 207 минг тонна ҳосил нобуд бўлган эди.
Ушбу қонун лойиҳасига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда табиий офатлар, ёнғин, ўсимликларнинг касалликлар ва зараркунандалардан талофат кўриши, чорва молларининг юқумли касалликлардан нобуд бўлиши ва заҳарланиши ҳамда ёввойи ҳайвонлар томонидан экинларга зарар етказилиши бўйича суғурта шартномаларини тузиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги суғуртасининг давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш, қишлоқ хўжалиги соҳасида таваккалчиликларини суғурталаш жараёнида иштирок этувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Қишлоқ хўжалиги суғуртасини амалга оширишда Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси ташкил этилмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу жамғарма фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган сифатида белгиланмоқда. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари, суғурталаниши лозим бўлган таваккалчиликлар, суғурта мукофотлари бўйича субсидиялар бериш, қайта суғуртани амалга ошириш, суғурта товонларини тўлаш, суғурта тизимини тўлиқ рақамлаштириш ҳамда соҳани давлат томонидан мувофиқлаштириш билан боғлиқ муносабатларнинг ҳуқуқий асослари ҳам қонун лойиҳасида акс этмоқда.
Бугунги кунда юртимизда 770 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги субъектлари мавжуд. Лойиҳа билан Мустақил экспертлар кенгаши ташкил этилмоқда. Кенгаш экспертлари жойларга бориб, ўрганади, хавфни баҳолаб, хулосалар беради. Суғурта жамғармаси томонидан зарар қоплаб берилади. Агар жамғарманинг пули етмаса, давлат бюджетидан ҳам маблағ йўналтирилиши белгиланмоқда, — деди вазир.
Муҳокамаларда сўз олган депутатлар лойиҳанинг долзарблигини таъкидлаб, савол ва таклифларни билдирдилар.
Таъкидландики, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда суғурталаш тизими жорий этилиб, маҳсулот етиштирувчиларга қулай шарт-шароитларни яратишга имкон берадиган суғурта мажбуриятларини бажариш бўйича тегишли ҳуқуқий муносабатлар тартибга солинади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларига хавф-хатарлар туфайли зарар етган ҳолларда зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда қишлоқ хўжалиги таваккалчиликлари суғуртасини амалга оширишнинг ҳуқуқий асоси яратилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА