Ўзбекистонда янги технологияларни жорий этиш ва кадрлар тайёрлаш масалаларида халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилаётгани барчамизга маълум. Хусусан, куни кеча “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раҳбарияти Хитойнинг йирик “Jezetek” компанияси ва “Sichuan Technical” коллежи вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқариш, муқобил энергетика соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида Хитой тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш, икки давлат мутахассислари ўртасида билим ва кўникма алмашинувини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди. Хусусан, “Eltech-malaka” ўқув маркази фаолияти ҳақида хитойлик ҳамкорларга батафсил маълумот берилди. Шундан сўнг ушбу марказ базасида Хитойдан келган мутахассислар иштирокида ўқув курслари ташкил этиш ҳамда соҳа муҳандис-технологларининг Хитойдаги йирик компанияларда қисқа муддатли амалиёт ўташини таъминлаш юзасидан келишувга эришилди.
Уюшма ахборот хизматининг хабар беришича, томонлар мазкур учрашувни Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши ҳақида якдил фикр билдирган. Айниқса, кадрлар тайёрлаш ва инновацион ишланмаларни жорий қилиш соҳасидаги тажриба алмашуви истиқболли йўналишлардан бири ҳисобланади.
Ташаббуслар амалиётга татбиқ этилса, нафақат ишлаб чиқариш салоҳияти, балки соҳадаги профессионал мутахассислар базаси ҳам кенгаяди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА