Бугунги кунда кўпгина инсонлар, айниқса, ёшлар ўртасида электрон сигареталарни истеъмол қилиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Ачинарлиси, мактаб ўқувчилари ҳам бу зарарли воситалардан фойдаланишмоқда.

Кўпчилик электрон сигареталарнинг зарари кам деб ўйлайди. Аммо тадқиқотларда электрон сигареталарда никотин моддасидан ташқари канцероген, заҳарли бўлган 80 хил кимёвий бирикма ва оғир металлар мавжудлиги инсон соғлиғига ва атроф-муҳитга жиддий зиён кўрсатади.

Хусусан, организмда никотинга қарамлик ошиши билан бирга, болалар ва ўсмирларда мия ривожланишига, интеллект, билим ва қобилиятнинг пасайишига, руҳий агрессивлик ривожланишига олиб келади.

Шунингдек, бронх-ўпка тизимида заҳарланиш (астма, бронхит, “эозинофил пневмония”), ўлимга олиб келувчи яллиғланиш, саратон ва “бодроқсимон ўпка” касаллигини келтириб чиқаришига, ошқозон-ичак трактида саратон касаллиги, марказий нерв тизими, буйрак ва жигар функциясининг бузилиши, шунингдек, гипертания, инсульт, инфаркт каби юрак-қон томир касалликлари ривожланишига, иммунитетни, аёллар репродуктивлиги пасайишига, ҳомиланинг ирсий ногиронлиги ёки ўлимига олиб келишига сабаб бўлиши мумкин.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг, шу жумладан, электрон сигареталарнинг муомаласини тақиқлаш ҳамда жавобгарлик белгилашга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритишга қаратилган қонун лойиҳаси бўлди.

Қонун лойиҳаси бўйича соғлиқни сақлаш вазири А.Худоёров маъруза қилди:

— Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасида никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шу жумладан электрон сигареталар ва улар учун суюқликларнинг муомаласи — ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, олиб чиқиш тақиқланмоқда. Шунингдек, айланмаси тақиқланган чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шу жумладан электрон сигареталарни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Нега айнан электрон сигареталар тақиқланмоқда? Унинг оддий сигарет ва тамакидан қандай фарқи бор? Эътибор қаратсак, оддий тамакини ёши катталар кўпроқ чекади. Электрон сигареталар эса никотинли ва ароматизаторлардан фойдаланилгани, қолаверса, бежирим ва ўзига жалб этадиган кўринишда ишлаб чиқарилаётгани боис асосан ёшлар, энг ачинарлиси, қизлар ўртасида ҳам оммалашишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, наркотик моддадан ҳам кўра никотин моддасининг инсонга салбий таъсири катта.

Мамлакатимизда ушбу ҳолатларнинг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилмаса, бундай маҳсулотларни чекувчи ёшлар чекмайдиганларга нисбатан деярли уч бараварга кўп анъанавий тамаки маҳсулотларини чекишга ўтадилар.

Бу эса келажак авлод саломатлигига ва миллат генофондига салбий таъсир кўрсатади, — деди вазир.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёнинг 37 та давлатида электрон сигареталар айланмаси тақиқланган. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан Ўзбекистонда ҳам бу зарарли восита муомаласига тақиқ қўйилади. Бу эса аҳоли, айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилади.

Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА