Пульмонолог “COVID-19”дан кейин ўпка фаолияти қандай тикланишини айтди

Маълум бўлишича, COVID-19 вируси ушбу касалликни бошидан кечирган кишилар ўпкасига жиддий зиён етказаркан. Бундай хавф нималардан иборат экани ва зарарланган ўпкани қандай қилиб тиклаш мумкинлиги хусусида россиялик таниқли шифокор Александр Карабиненко ўз фикрларини билдирди.
“COVID-19 коронавируси инсоннинг нафас тизими ишини қийинлаштирадиган, ўпкани жароҳатлайдиган хасталик ҳисобланади. Ҳозир ер юзида мазкур вирусга чалингани аниқланганлар сони 7 миллиондан ошиб кетди, улардан 3 миллиони тузалди. Афсуски, соғайган беморларда бошқа турли муаммолар пайдо бўляпти”, – дейди Н.И.Пирогов номидаги Россия Миллий тиббий тадқиқот университети профессори, Хизмат кўрсатган шифокор, пульмонолог Александр Карабиненко.
«Коронавирус инфекциясини енгиб ўтган ўпкада, худди пневмониянинг оғир шакли, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги тез-тез хуруж қилиши, интерстициал хасталиклар сингари бошқа яллиғланиш касалликларидан сўнг юз бергани каби фиброз ўзгаришлар кузатилади. Бундай беморларда узоқ вақт тикланишни талаб этадиган тизимли ўзгаришлар кечади», — дейди мутахассис.
Ўпканинг “COVID-19”дан кейинги тикланиш жараёни 2009 йилда кузатилган глобал пандемия – N1H1гриппи асоратларига ўхшаб кетаркан. Карабиненко одамлар ўша даврда қандай ўзларига келишгани ва буни ҳозир қай тарзда амалга ошириш мумкинлиги ҳақида ҳам маслаҳат берди.
«Нафас гимнастикаси ва қувватлантирувчи режим ман этилмайди. Бундай муолажаларни “COVID-19”дан соғайганлар зиён етган органни тизимли равишда тиклаш учун қўллаши мумкин, фақат буни ҳар ким ўз жисмоний имкониятидан келиб чиқиб бажариши лозим. Ҳолатни қандай қилиб яхшилаш мумкин? Бунинг учун фақат маълум бир вақт керак. Масалан, N1H1 чўчқа гриппидан кейинги фиброз жароҳатлар битиши учун бир ярим-икки йил талаб этилган. Айримларда эса ўпка фаолияти ҳалиям тўлиқ тикланмаган», — дея қўшимча қилган пульмонолог.

 

ЎзА