Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқаролик жамияти институтларига алоҳида боб ажратилган. Жумладан, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фуқаролик жамиятининг асосларини ташкил этиши белгилаб қўйилган.

Кейинги йилларда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди.

Натижада 20 дан зиёд қонун, Президент ҳужжатлари ва ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Бу Фуқаролик жамияти ҳафталиги очилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда қайд этилди.

Тошкент шаҳрида ўтказилган тадбир «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Адлия вазирлиги, Олий Мажлис палаталари ва бошқа бир қатор ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилди.

Истиқболли ташаббусларни ишлаб чиқиш, шунингдек, шаффофлик ва инклюзивликни ошириш бўйича мулоқот ва кейинги қадамларни белгилаб олиш учун очиқ платформа бўлиб хизмат қилган анжуманда адлия вазири Акбар Тошқулов сўзга чиқди.

– Ўзбекистонда давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш йўналишида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди А.Тошқулов. – Яратилаётган қулай шароитлар натижасида фуқаролар ҳуқуқини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа соҳаларда қарийб 10 мингта нодавлат нотижорат ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда, уларда 70 мингга яқин иш ўрни яратилган.

Шу билан бирга, мамлакатимизда кузатилаётган ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланишнинг жадал суръатлари, ўз навбатида, ННТ ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ролини янада ошириш, уларнинг фаолиятини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурлигини тақозо этмоқда.

«Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони айнан шу сабабли ҳам муҳим ва айни вақтда имзоланган ҳужжат ҳисобланади.

Тадбирда келгусида фуқаролик жамияти институти вакиллари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўналишлари санаб ўтилди. Жумладан, давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш зарур.

Аҳолининг ҳуқуқий онг ва маданиятини юксалтиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш, фуқаролик жамияти ривожланиши масалалари бўйича амалий ва фундаментал тадқиқотлар қамровини кенгайтириш мақсадга мувофиқ. Соҳа вакилларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари қамровини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш керак.

Н.Абдураимова,

ЎзА