2021 йил 25 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева билан Президент сайловига халқаро кузатувчи сифатида юртимизга ташриф буюрган вице-президент Хайди Хаутала раҳбарлигидаги Европа парламенти делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Европарламент делегацияси аъзолари сайлов очиқ ва транспарентлик тарзда, сайлов қонунчилигига мувофиқ ўтганини эътироф этишди. Хусусан, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари таъминлангани, жумладан, кекса ёшдагилар, имконияти чекланган шахслар ва овоз бериш пайтида касалхонада даволанаётганлар учун ҳам  барча шароит яратилгани алоҳида қайд этилди.

Таъкидландики, бу галги сайловлар  аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Сайловда халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлардан мингга яқин кузатувчилар овоз бериш жараёнини кузатиб боришди, шунингдек, тадбирни ёритишда жуда кўп оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлишди. Буларнинг барчаси сайлов жараёнининг очиқлигини таъминлади.

Европа парламенти депутати Ришард Чарнецкийнинг таъкидлашича, «Ўзбекистон Президенти сайлови шаффоф ва тартибли ўтди. Мамлакатда Президент сайловини ўтказиш ва мониторинг қилиб бориш учун барча шароит яратилган. Эркин овоз бериш шароитлари тўлиқ таъминланган. Халқаро кузатувчиларнинг кўплиги эса Ўзбекистоннинг ушбу сиёсий тадбирнинг  очиқлигини, шаффофлигини ва демократик тамойилларга жавоб беришни таъминлашга бўлган интилишини намоён этади».

Учрашувда европалик меҳмонларга сўнгги 5 йилда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар, жумладан, фуқаролик жамиятининг асосларини мустаҳкамлаш, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, гендер тенглигини таъминлаш бўйича атрофлича маълумот берилди.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон билан Европарламент ўртасида парламентлараро алоқаларни ҳамда Европа Иттифоқи билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий, шунингдек, таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида  ҳамкорликларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

“Биз 2016 йилдан кейин Ўзбекистоннинг жаҳонга юз очаётганини кўрмоқдамиз. Бундай ўзгаришлар сабабли парламентлараро алоқалар чуқурлашмоқда. Биз Ўзбекистон парламенти билан янги соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Узоқ муддатли ҳамкорлик қилиш юзасидан Европа парламенти учун катта истиқбол эшиклари очилмоқда.

Биз мамлакатингизда ислоҳотларни янада такомиллаштиришга ёрдам беришга тайёрмиз. Президент сайловига тўхталадиган бўлсак, бу галги Президент сайлови кампанияси янги тартибларда, янгича шароитларда, янгиланган форматда бўлиб ўтди. Овоз бериш жараёнини ЕХҲТ, МДҲ, ШҲТ, Жаҳон сайлов органлари ташкилоти ва бошқа тузилмалардан юзлаб халқаро кузатувчилар кузатиб боришди. Сайловлар шаффоф ва демократик тамойилларга асосланган тарзда ўтди», деди Хайди Хаутала.

Суҳбат якунида томонлар ўзаро манфаатли бўлган барча йўналишда ҳамкорликни давом эттиришга тайёр экани алоҳида таъкидланди.

 

С.РАҲИМОВ, ЎзА