Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев Сайлов тизимлари халқаро жамғармасининг Европа ва Евроосиё бўйича дастурлари мутахассислари билан учрашди.

Учрашувда МСК раҳбари IFES вакилларига мамлакатда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларига тайёргарлик ҳақида маълумот берди.

– Алоҳида таъкидлашни истардимки, Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси фуқароларнинг эркин ва адолатли сайловларда иштирок этиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди. Жамғарманинг тажрибаси долзарб масалаларга узоқ муддатли ечим топиш мақсадида сайлов тизимини мустаҳкамлайди ва бунинг учун маҳаллий ресурсларни яратади.

Жамғарма бутун дунё бўйлаб бошқарув ва демократик ҳуқуқларни илгари суриш бўйича инновацион ташаббусларни қўллайди. Сиёсий жараёнларга аҳоли вакиллари иштирокини янада кенгайтириш, сайлов жараёнларини яхшилаш учун амалий тадқиқот натижаларини қўллаш бўйича бой тажрибага эга, – деди З.Низомхўжаев.

Фуқароларнинг эркин ва адолатли сайловларда иштирок этиш ҳуқуқини таъминлашда жамғарманинг ўрни алоҳида қайд этилди. IFES тажрибаси сайлов тизимини мустаҳкамлаш ва маҳаллий ресурсларнинг салмоғини кенгайтиришга ҳисса қўшади, бу эса ўз навбатида долзарб масалаларнинг истиқболдаги ечимларини топиш имконини яратади.

Учрашувда томонлар Сайлов тизимлари халқаро жамғармасининг Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорлик йўналишлари ва уни янада мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилишди.

IFES нинг Европа ва Евроосиё бўйича дастурлари катта менежери Энтони Бойер Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва сайлов тартибини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолар экан, жамғарма мустақил сайлов комиссиялари фаолияти самарадорлигини оширишга, сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа дастурини амалга ошириш орқали миллий сайлов жараёнини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

– Халқаро сайлов тизимлари жамғармасининг икки вакили, яъни бизлар Ўзбекистонга сайлов тизимини қўллаб-қувватлаш учун келдик. Бизнинг вазифамиз фақатгина 24 октябрда бўлиб ўтадиган Президент сайловида иштирок этиб, уни кузатиш эмас, балки кейинчалик 2024 йилда бўладиган парламент сайловларигача сайлов тизимини янада такомиллаштиришга кўмаклашишдан иборат.

Сайловнинг очиқлигини таъминлаш ва барча сайловчиларга шароит яратиш бўйича ҳамкорликда ишлаймиз. Сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш, мамлакатда демократик ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган фаолият олиб борамиз, – деди Халқаро сайлов тизимлари жамғармаси катта эксперти Тамар Жвания.

МСК салоҳиятини оширишда МСК аъзоларини ўқитиш орқали касбий этика тамойилларини илгари суриш, сайлов комиссиялари ходимларини сайлов жараёнини бошқаришга оид, сайловнинг очиқлигини таъминлаш ва барча сайловчиларга шароит яратиш каби барча масалалар бўйича ўқитиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, сайловчиларни рўйхатга олиш тизимини такомиллаштиришда техник ёрдам кўрсатиш йўли билан сайловчиларга овоз беришда қатнашиш имкониятини яхшилаш билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашувда томонлар МСК ва жамғарма ўртасида янада тизимли алоқаларни ривожлантириш зарурлиги тўғрисида ўзаро фикр билдирдилар.

 

Нурилло Насриев, ЎзА