Эълон қилинган ҳисоботда Саудиянинг Қирол Холид халқаро аэропорти ва «Saudia» (Саудия Арабистони ҳаво йўллари) авиакомпанияси дунёнинг энг яхшилари қаторидан жой олди.
«Al-Arabiya» телеканали ёзишича, «Cirium» ҳисоботида Саудия Арабистони Подшоҳлиги пойтахти Ар-Риёд шаҳридаги Қирол Холид халқаро аэропорти 2024 йилда энг аниқ «Глобал аэропорт» деб топилди. Маълум қилинишича, 115 йўналишга 60 авиакомпания хизмат кўрсатувчи ушбу қўналғага тегишли статистикада жўнаб кетиш 86,65, етиб келиш 81,79 фоиз вақтида амалга оширилган.
Панамадаги Токумен халқаро аэропорти энг аниқ “Ўрта”, Эквадордаги машҳур шоир, Гуаякил шаҳри биринчи мэри, собиқ Президент Хосе Хоакин де Ольмедо номи берилган халқаро аэропорт эса энг аниқ “Кичик» аэропорт сифатида эътироф этилди.
Мунтазам рейслар амалга оширувчи авиакомпаниялар сони бўйича «Aeromexico» жадвал бўйича 86,70 фоиз кўрсаткич билан етакчиликни қўлга киритди.
Кучли бешликка кирганлар орасида Саудия авиакомпаниясидан ташқари «Delta Air Lines», «LATAM Airlines» ва «Qatar Airways» ҳам бор.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА