Хитойнинг етакчи оммавий ахборот воситалари, жумладан, “People’s Daily” ва “Beijing Youth Daily” газеталари, шунингдек, энг йирик ва энг нуфузли давлат ахборот агентлиги «Sinxua» бўлинмаси Ўзбекистон билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган мақолалар эълон қилди.
Хусусан, Пекинда «Хитойда Ўзбекистон туризм йили»нинг очилиш маросими ҳамда Хитой-Ўзбекистон туризм сармоя форуми ўтказилгани ҳақида хабар берилди.
Хитой нашрларининг хабар беришича, “Ctrip” компанияси маълумотларига кўра, ноябрь ойи ҳолатига келиб, ушбу компания платформаси орқали Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони ўтган йилга нисбатан 188 фоизга ошган.
Сайёҳлар асосан Хитойнинг Пекин, Шанхай, Чжэцзян, Гуандун ва Сзянсу каби иқтисодий ривожланган ҳудудларидан ташриф буюрган. Асосий саёҳатчи гуруҳларининг хусусиятлари Ўзбекистоннинг тўлов қобилияти юқори бўлган ёшлар орасида тобора оммалашиб бораётганини кўрсатмоқда. Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳларнинг 80 фоиздан ортиғи “Platinum” ва ундан юқори тоифадаги платформа аъзолари бўлиб, 65 фоиздан ортиғи юқори тоифали меҳмонхоналарда қолишни афзал кўришган.
Мақолаларда шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой икки давлат фуқаролари учун визасиз режим жорий этиш тўғрисида битим имзолагани таъкидланган. Бу қадам икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим босқич бўлиб, сайёҳлик алмашинувлари учун янги имкониятлар яратади ҳамда икки мамлакат халқлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди.
Шунингдек, Американинг нуфузли “CNN” нашри ҳам Ўзбекистон ўзининг ноёб меъморий мероси билан сайёҳлар учун жозибадор жой сифатида эътибор тортаётгани ҳақида мақола чоп этди. Мақолада Тошкент бўйлаб саёҳат қилиш ўрта асрлар ва совет даври ориентализм, модернизм, футуризм ва неоклассицизм намуналари билан тўлдирилган архитектура китобини варақлаш билан ўхшаши, дизайн ихлосмандлари учун карусел каби бир мўъжиза ўзини бошқа бир мўъжиза билан алмаштириши қайд этилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўзининг тарихий биноларини реставрация қилиш ва асраб-авайлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу эса мамлакат имижини юксалтиришга, меъморчилик услублари ва маданий меросининг ранг-баранглигига қизиқувчи хорижлик сайёҳларни жалб этишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистондаги архитектура лойиҳаларига глобал эътибор туризмни ривожлантириш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун янги имкониятлар очмоқда. Тарихий меросни асраб-авайлаш ва экологик тозаликни таъминлашга қаратилган замонавий лойиҳалар нафақат ҳудуд тарихи ва маданияти, балки архитектурадаги экологик тоза ечимларга қизиқувчи сайёҳларни жалб этишда муҳим воситага айланмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА