Франция Президенти, Германия Канцлери, Британия ва Испания Бош вазирлари собиқ «Twitter» – ҳозирги Х ижтимоий тармоғида америкалик миллиардерга нисбатан салбий фикрлар ёзиб қолдирди.
Эммануэль Макрон, исмини айтмаган ҳолда, Маскни “янги реакцион халқаро жамият”ни қўллаб-қувватлашда айблади, деб ёзди «Euronews».
– Ўн йил олдин дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқлардан бирининг эгаси янги реакцион халқаро ташкилотни қўллаб-қувватлаши, сиёсий жараён, жумладан Германиядаги сайловга бевосита аралашишини ким ҳам тасаввур қила оларди?! – деди фаранг етакчиси.
Испания ҳукумати раҳбари Педро Санчес ҳам шу мазмундаги иборани такрорлади: Реакцион халқаро тузилма, Президент Макрон айтганидек, сайёрамизнинг энг бой одами бошчилигида бизнинг институтларимизга очиқдан-очиқ ҳужум қилмоқда, нафрат қўзғатмоқда ва кейинги сайловда Германиядаги нацизм меросхўрларини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлашга чақирмоқда.
Сайланган Президент Дональд Трампнинг ғалабасидан сўнг Маск қатор ҳайратланарли баёнотлар билан чиқди.
Рождество муносабати билан одамларга тўлиб-тошган Магдебургдаги бозорга уюштирилган ҳужумдан сўнг Германия Канцлери Олаф Шольцни “қобилиятсиз аҳмоқ”, деб атаган ҳам шу миллиардер ва Трампнинг яқин дўстидир.
Тесла хўжайини Буюк Британия Бош вазири Кей Стармерни ҳам нишонга олиб, уни ўтган аср 90-йилларида прокурор бўлиб ишлаган вақтида, келиб чиқиши покистонлик эркаклар томонидан 1500 дан кўп вояга етмаган қиз жинсий эксплуатацияга учратилганда «бепарволик» қилгани учун айблади.
Бу “айтишувлар” асносида Берлин Маскнинг “нотўғри баёноти”ни, Лондон эса “ёлғон маълумоти”ни қоралади.
Маскнинг Германиядаги сайлов кампаниясига аралашуви тўғрисидаги фаразлар навбатдаги зиддиятни юзага келтирмоқда. Бугун у ўзи очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаётган Германиянинг ўта ўнгчи «Германия учун муқобил» (АфД) партияси ҳамраиси Элис Вайдел билан суҳбатни Х телеканалида тўғридан-тўғри эфирга узатади.
Мусулмон Зиё, ЎзА