Умумий мукофот жамғармаси 750 минг АҚШ долларидан иборат “Freestyle Chess Grand Slam Tour-2025” турнирининг сўнгги ўнинчи иштирокчисини аниқлаш бўйича ўтказилган онлайн саралаш баҳслари якунланди.
Кеча ўтган 1/2 финалда Жавоҳир Синдоров хитойлик Ю Янг Йини 1,5:0,5 ҳисобида мағлуб этиб, финалга йўл олди. Иккинчи ярим финал мусобақасида ФИДЕ байроғи остида саралашда қатнашаётган Ян Непомняший Словения вакили Владимир Федосеевга 1,5:2,5 кўринишида имкониятни бой берди.
Бу, ўз навбатида жорий йилнинг 7-14 февраль кунлари Германиянинг Вайсенхаус шаҳрида ўтадиган “Freestyle Chess Grand Slam Tour-2025” турнирининг асосий баҳсида қатнашиш учун кечган сўнгги “дуэл”да Синдоров-Федосеевни бир-бирига рўбарў қилди.
Айтиш лозим, “Freestyle Chess Grand Slam” турнирининг ортда қолган саралаш мусобақаларида гроссмейтеримиз Жавоҳир Синдоров 20 нафар шахматчи орасида 7,5 очко билан плей-офф босқичига йўл олган эди. Синдоров 6 ғалаба ва 3 дуранг билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 3-ўринни эгаллаб, плей-офф босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган.
Синдоров плей-офф босқичининг 1/8 финалида хитойлик И Вейни 1,5:0,5 ҳисобида, чорак финалда ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандхани 2:0 ҳисобида мағлуб этганди.
“Freestyle Chess Grand Slam” турнирининг асосий босқичига чиқиш учун ўтказилган финал мусобақасининг Синдоров – Федосеев қарама-қаршилигидаги ўйин ҳар жиҳатдан муросасиз кечди. 5 та турдан иборат ўйиннинг илк партиясида Синдоров ғалабага эришган бўлса, иккинчисида словениялик шахматчининг қўли баланд келди. 3 ва 4-партияларда муроса йўли танланган бўлса, 5-партияда Жавоҳирдан омад юз ўгирди ва умумий ҳисоб 3:2 ҳолатида якунланди.
Ушбу натижа орқали словениялик Владимир Федосеев “Freestyle Chess Grand Slam-2025” турнирининг асосий босқичида қатнашадиган Магнус Карлсен, Гукеш, Фабиано Каруана, Хикару Накамура, Нодирбек Абдусатторов, Алиреза Фирузжа, Левон Аронян, Винсент Кеймер ва Вишванатан Ананд сафига қўшилди.
Учрашувдан кейин журналистларга интервью берган Федосеев Синдоров ҳақида гапирди:
“У дунёдаги энг ёш маҳоратли гроссмейстерлардан бири бўлиш билан бирга, иқтидор борасида жаҳондаги номдор шахматчилар билан тенглаша оладиган, баъзи жиҳатлари билан улардан ҳам устунликка эгаки, мен уни рақибларимиз орасидаги энг кучлиси сифатида эътироф этаман”, дея таъкидлади.
Т.Рўзиев,
ЎзА