2021 йил 6-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ватиканнинг Ўзбекистондаги Апостол Нунсийи (Элчиси) этиб тайинланган (қароргоҳи Москва шаҳрида) архиепископ Жованни Д’Аньеллони қабул қилди.

Элчининг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олар экан, Вазир уни масъул лавозимга тайинлангани билан табриклади. Ўзбекистон ва Ватикан ўртасида турли миллатлар ва динлар вакиллари ўртасидаги дўстлик ҳамда ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган ижобий ҳамкорлик тажрибаси тўплангани қайд этилди.

Томонларнинг турли даражадаги конфессиялараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва фаоллаштиришга ўзаро тайёрлиги билдирилди.

Ватикан Элчисига Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг диний соҳадаги ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

 

Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА