Мамлакатимизда ёшлар ва хотин-қизлар бандлиги таъминлаш, ижтимоий масалаларини ўрганиб ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида секторлар кесимида “маҳаллабай”, “фуқаробай” тизими асосида уйма-уй юриб, ҳар бир аёл билан суҳбатлашилиб, уларнинг орзу умидлари ва мақсадлари тингланмоқда. “Аёллар дафтари” рўйхатига асосан ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, бандлигини таъминлашга эҳтиёжи бўлган 30 ёшдан юқори хотин-қизлар киритилган.

Туман 2-сектори томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар қисқа вақт ичида ўз самарасини бермоқда. Хусусан, тумандаги “Атауба” овул фуқаролар йиғинида 30 нафар касб-ҳунарга эга бўлган аёлни кооперацияга бирлаштириш натижасида жунни қайта ишлаш ва гилам тўқиш фаолияти йўлга қўйилди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, аёллар шаҳар марказидан узоқ бўлган ҳудудда ҳам ўзларининг даромадига эга бўлиши билан бирга маданий қадриятларимизни қайта тиклаш орқали ёш авлод вакилларига устоз-шогирд анъаналари асосида ҳунар ўргатишни йўлга қўймоқда.

– Туман 2-сектори раҳбарининг ташаббуси билан ҳудудимиздаги бӯш турган бино қайта таъмирланиб, жунни қайта ишлаш цехи ташкил этилди, – дейди “Атауба” овул фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Қурбангул Ягмурова. –Натижада “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳамда ишсиз ӯтирган хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Айни кунда бу ерда гилам, жундан кигиз ҳамда кийим-бош ишлаб чиқарилмоқда. Келгусида кооперация фаолиятини янада кенгайтириш назарда тутилмоқда.

“Шодлик” маҳалласида яшовчи “Аёллар дафтари”га киритилган Ойгул Абдуллаева ишсиз эди. У гул парваришига қизиқади. Аёлнинг қизиқиши ва меҳнат қилишга бўлган ихлоси эътиборга олиниб, унга гул етиштиришда иссиқхона ташкил қилиш учун банк томонидан жами 30 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилишида сектор масъуллари амалий ёрдам кўрсатди. Энди у ўзи билан бирга яна 3 нафар оила аъзосини ҳам доимий иш билан таъминлашга эришди. Оиланинг қўшимча даромади бор.

– Иссиқхонамизда 100 турдан ортиқ гулимиз бор, – дейди гулчи Ойгул Абдуллаева. – Бўш қолдим дегунча гуллар билан “сўзлашиб”, уларни парвариш қиламан. Энди катта иссиқхонада помидор ва бодринг кўчатларини, маҳсулотларини ҳам етиштиришни режалаштирмоқдаман.

Сектор масъуллари аёллар дафтаридаги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ҳаётий муаммоларини бартараф этишга ёрдам бериш билан бирга “Ёшлар дафтари” рўйхатидаги ёшлар билан тизимли ишлашни йўлга қўйган. Сектор ҳудудидаги 1263 нафар уюшмаган ёш “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, уларни доимий ва жамоат ишларига жалб қилиш, имтиёзли кредит, субсидия, ер майдонлари ажратилиши натижасида уларнинг бандлигини таъминлаш, “Устоз-шогирд” ҳамда “1+1” дастури асосида уларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича аниқ манзилли режалар ишлаб чиқилган.

– Камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларнинг бӯш вақтларини мазмунли ӯтказиш, хотин-қизларни қӯллаб-қувватлаш борасида секторлар кесимида “маҳаллабай”, “хонадонбай” тизимида ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Тўрткўл туман прокурори Музаффар Матчанов. – Жумладан, 2-сектор ҳудудида 319 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилган. Уларга 9 та устувор йўналишда амалий ёрдам кўрсатилиши натижасида 67 нафари доимий ва жамоат ишларига жалб этилди, 50 нафари касбга қайта тайёрланиб, касаначилик асосида бандлиги таъминланди. Ӯзининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирган 68 нафар аёлга 496 миллион сўм кредит ажратилди. Бундан ташқари, бугунги кунгача 516 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди, 25 нафарига 600 миллион сӯмдан зиёд кредит ажратилди. Шунингдек, 410 нафарига 125 гектар ер майдони ажратилиб, 8 нафарига субсидия асосида керакли ускуналар олиб берилди. “Ёшлар дафтари”га киритилган ва чиқарилган ёшлардан ташқари умумий ӯрта таълим мактаблари ва коллежларни тугатган 2500 нафардан зиёд ёшни иш билан таъминлаш бӯйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

“Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” – муаммолар ечимига элтувчи йўл сифатида бутун мамлакатимиз ҳудудларда кенг қулоч ёзди. Асосийси, бундай хайрли ишлар тизимли давом этмоқда.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА