Бугунги видеоселектор йиғилишида янги қурилаётган 183 та массивнинг инфратузилма билан боғлиқ муаммоларини тўлиқ ҳал қилиш, жумладан, ичимлик суви, оқова тизими, электр энергияси, табиий газ тармоқлари тортиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.

Бунга талаб этиладиган 415 миллиард сўм маблағларнинг манбалари тўлиқ ҳал этилган.

О.Раматовга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга, икки ҳафта муддатда ушбу массивлар инфратузилмаси билан боғлиқ лойиҳа ҳужжатларини якунлаб, ишларни бошлаш бўйича топшириқлар берилди.

О.Раматов, Ж.Қўчқоров, “Қишлоқ қурилиш инвест” (Қ.Ҳошимбеков) бир ой муддатда Осиё тараққиёт банкидан қўшимча берилган 50 миллион доллар ҳисобидан аҳоли зич яшайдиган, уй-жойга талаб юқори бўлган туманларни белгилаб, камида 3 мингта хонадонли кўп қаватли уйлар қуришни бошлаш кераклиги таъкидланди.

Шу билан бирга, бугунги кунга қадар бошланғич бадал учун субсидия сўраган 27,5 мингта мурожаат бўйича фақатгина 4 мингта аризага ижобий хулоса берилган (73 миллиард сўм ёки 8 фоиз субсидия берилган, холос). Ҳозирда 5,5 мингта ариза рад этилган, 18 мингтаси ўрганилмоқда. Сабаби, уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлашнинг амалдаги тартиб бўйича аризани кўриб чиқишга 25 кунгача вақт кетади.

Давлатимиз раҳбари икки ҳафта муддатда субсидия бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш муддатини 10 кундан 3 кунгача, келишиладиган ташкилотларни 9 тадан 5 тага қисқартириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

 

ЎзА