Дўстлик ва биродарлик туйғуси бардавом

9 сентябрь – Тожикистон Республикаси Мустақиллиги куни
Ҳар йили 9 сентябрда Тожикистон халқи Мустақиллик байрамини нишонлайди. Бу йил мамлакат ўз истиқлолининг 29 йиллигини кутиб олмоқда. Аҳоли маданият ва истироҳат боғларида, хиёбонларда тиббий ниқоблар тақиб, шахсий гигиенага риоя қилган ҳамда ижтимоий масофани сақлаган ҳолда халқ сайилларини ўтказмоқда.
Тожикистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Президент Эмомали Раҳмон мамлакат халқига табрик йўллади.
29 йил аввал халқимиз давлат Мустақиллигини қўлга киритиб, ўз миллий давлатчилигини барпо этишга киришди. Мустақилликнинг бошланиши ва мустақил тожик давлатини қуриш йўлидаги биринчи йиллари Тожикистон халқи тарихида жуда мураккаб даврга тўғри келди. Ўша йиллар давомида ватанпарвар Тожикистон халқи иродаси ва кучига таяниб, Тожикистон фуқаролик қарама-қаршилик оқибатларини бартараф этишга ва ёш тожик давлатини йўқолишдан асраб, миллатни эса бўлиниб кетишидан қутқариб қолди.
Тинчлик ва осойишталик ўрнатилиши, сиёсий барқарорлик таъминланиши ва миллий бирлик мустаҳкамланиши туфайли конституциявий ислоҳотни амалга ошириш, барча ҳокимият тармоқлари фаолияти такомиллаштирилиб, икки палатали парламент ташкил қилинди. Бу эса, Тожикистон сиёсий ва ҳуқуқий атмосферасида янгилик ҳисобланади, – дейилади табрик нутқида.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Президент Эмомали Раҳмон раҳбарлигида Тожикистон ҳукумати томонидан кўрилган чоралар ўтган давр мобайнида миллий иқтисодиёт ривожини таъминлаб, ялпи ички маҳсулот реал ўсишини беш баробарга кўпайтириш имконини берди.
Мустақиллик йилларида Тожикистонда 1600 дан зиёд саноат корхоналари ташкил қилинди ва таъмирланди. 2000 мегаваттдан зиёдроқ янги энергетика қувватлари, 2200 километр халқаро автомобиль йўллари, 220 километр темир йўллар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Тожик халқининг бунёдкорлиги туфайли Роғун ГЭСининг иккита агрегати фойдаланишга топширилди. Бугунги кунгача унда 1,6 миллиард киловатт соат электр энергия ишлаб чиқарилди. Янги қувватлар ишга туширилиши натижасида қиш фаслида электр энергия етказиб бериш чекланиши бартараф этилди.
Мустақиллик даврида Тожикистонда аҳолининг даромади 125 баробарга ошди. Республикада камбағаллик даражаси 1999 йилдаги 83 фоиздан 26,3 фоизгача камайди. Ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 70 ёшдан 75 ёшга етди. Оналар ўлими 3,1 баробар, гўдаклар ўлими 3,5 баробар камайди.
Шу кунларда халқимиз миллий ғурур ва ватанпарварлик ҳисларига тўлиб, бизнинг улуғ миллий байрамимиз – давлат Мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб кутиб олиш учун бутун мамлакатимизни бунёдкорлик, қурилиш ва фидокорона унумдорлик меҳнати майдонига айлантирди. Фурсатдан фойдаланиб, Тожикистоннинг кексаю ёшига, мамлакатимиз келажаги ва миллатимиз шон-шуҳрати, ободлиги учун меҳнат қилаётган барчага чин қалбдан миннатдорлик ва ташаккур изҳор қиламан, – дейилади Президент Эмомали Раҳмоннинг табригида.
Яқинда ўз истиқлолининг 29 йиллигини нишонлаган ўзбек халқи ҳам тожик халқининг буюк байрамини ўз шодиёнасидек қабул қилади. Чунки маънавий олами, адабиёти, мусиқаси, кундалик турмуш тарзи бир-бирига шу даражада яқин бўлган халқлар кам топилади.
Ўзбеклар ва тожиклар ҳақида сўз кетса, бежиз “икки тилда сўзлашувчи бир халқ” дейилмайди. Бир дарёдан сув ичиб, кўз-қошдек, эт билан тирноқдек яқин қўшничиликда яшаб келаётган халқларимизнинг мустаҳкам дўстлик ришталари асрларга бориб туташади.
Бироқ вақтлар бўлдики, қондош, қуда-анда халқлар орасига сунъий «девор» қўйилди. Ўзаро борди-келди ушалмас орзуга айланди. Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари турли сабаблар боис таранглашиб кетган эди.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг яқин дўстлиги, сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати туфайли сўнгги йилларда мамлакатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди.
Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 9-10 март кунлари Тожикистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз муносабатларини мисли кўрилмаган янги поғонага олиб чиқди.
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг ўша йили 17-18 август кунлари Ўзбекистонга илк давлат ташрифи ўзаро ҳамкорлик ривожида навбатдаги улкан тарихий воқеа бўлди.
Ишонч билан айтиш мумкинки, бундай тарихий ташрифлар, икки халқнинг дўстона учрашуви ўзининг амалий маҳсули ва ёрқин натижаси билан ўн миллионлаб аҳолини қувонтирди.
Дипломатик муносабатлар ўрнатилган 1992 йилдан буён икки мамлакат ўртасида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражада 150 дан ортиқ шартнома ва битимлар имзоланган. Бу ҳужжатлар ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини қамраб олди ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда биргаликдаги ҳаракатларни мустаҳкамлаш учун асос бўлди.
1993 йил 4 январда имзоланган Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, 2000 йил 15 июндаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома муносабатларимизнинг асосий тамойилларини белгилаб берган бўлса, кейинги йилларда имзоланган келишувлар икки халқнинг қалин дўстлигини янада мустаҳкамлади.
Ушбу ҳужжатлар бугунги кунда ҳаётга тўла татбиқ этилмоқда, уларнинг натижалари халқларимиз ҳаётида яққол кўзга ташланмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида ҳаво ва темир йўл қатновлари тикланди, виза тартиби бекор қилинди. Чегаралар очилди, аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракати учун қулай имкониятлар яратилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда тожикистонлик талабалар, Тожикистонда ўзбекистонлик талабалар таҳсил олмоқда.
Гарчи ҳозир пандемия давом этаётган бўлса-да, мамлакатларимиз муносабатларида одамни қувонтирадиган, ғурурлантирадиган воқеалар тўхтаб қолгани йўқ. Пандемия бошланган илк кунлардан бошлаб Ўзбекистондан ён қўшни – жон қўшни Тожикистонга инсонпарварлик юклари ортилган поезд ва самолётларда халқимизнинг дўстлик саломи ва кўмаги билан бирга ўзбекистонлик шифокорлар ҳам етиб борди.
Ўз навбатида, Тожикистон Ўзбекистонни пандемия даврида энг кўп инсонпарварлик юклари жўнатган мамлакатлар учлигидан ўрин олганини эътироф этди. Бу шахсан Президентимизнинг, халқимизнинг Тожикистон халқига юксак ҳурмат-эҳтиромидан далолатдир.
Шу йил 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида юз берган техноген офат туфайли минглаб аҳоли уй-жойидан кўчирилди. Ўзбек биродарлари бошига тушган фалокатни кўриб Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмоннинг топшириғига биноан Сирдарё вилоятига 51 вагон қурилиш материаллари ёрдам сифатида етказиб берилди…
Бу эзгу қадамлар, хайрли ташаббуслар, энг аввало, халқларимизнинг бағрикенглиги ва олижаноблигини, қийин дамда бир-бирини қадрлаши, биродарлик туйғусини намоён этди.
Марказий Осиёда ижобий ўзгаришлар шамоли эсмоқда. Ана шу ўзгаришлар эпкинида минтақамиз давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси, дўстона маслаҳат учрашувлари, мулоқотлари халқларимиз фаровонлигига, мамлакатларимизнинг гуллаб-яшнашига хизмат қилмоқда.

 

ЎзА