Нукусдаги ташхислаш ва даволаш марказига ҳарбий шифокорлар ҳам жалб этилди

COVID-19 инфекциясига гумон қилинаётган беморларни даволаш мақсадида Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт мактаби базасида ташкил этилган вақтинчалик ташхислаш-тақсимлаш ва даволаш маркази ўз ишини бошлади.
Марказ фаолиятини ташкил этишда Мудофаа вазирлигининг Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Яъни, марказда 4 нафар ҳарбий шифокор ва ҳарбий тиббиёт муассасаларининг 4 нафар кичик тиббий персонали ватандошларимиз саломатлигини сақлаш, пандемия билан курашишда малака алмашиш мақсадида хизматда бўлишади.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
_U4A0376.JPG
Марказнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раҳбарияти, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, тиббиёт мутахассислари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Вақтинчалик марказда 7 та блокдан иборат жами 390 ўринли жойлар мавжуд. Биринчи қаватида 224 ўринли ётоқ жойлар касаллик туфайли нафас олиши қийиналган беморлар ва иккинчи қаватдаги 166 та жой касаллик аломатлари енгил кечадиган беморлар учун белгиланган.
Касаллик аломатлари бор беморларни қабул қилиш жойида ультратовуш текширув аппарати (УЗИ), рентген аппарати, ЭКГ ва лаборатория хизмат кўрсатади. Беморларни ташхислаш ва даволаш учун барча зарур тиббиёт воситалари ва нафас олишни енгиллаштирувчи аппаратлар ўрнатилган. Марказда жами 150 нафар малакали тиббиёт ходими фаолият кўрсатади.
_U4A0480.JPG
Тиббиёт муассасаси, ходимлар ва беморларнинг хавфсизлигини таъминлаш, пандемия тарқалишига йўл қўймаслик ҳамда ҳудуд қўриқловини ташкил этиш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ томонидан вақтинчалик оператив штаб ташкил этилган бўлиб, унда кечаю кундуз навбатчилик йўлга қўйилган. Қолаверса, шифокорларнинг Тошкентдаги марказ билан маслаҳат ва тажриба алмашиш, беморларни даволашда консилиумлар ўтказиш мақсадида ҳарбий округ томонидан 24 соатлик онлайн видеоконференцалоқа тизими жорий этилган.
Таъкидлаш жоизки, Тошкент тажрибасидан келиб чиқиб, Нукус шаҳридаги 3 та спорт объектида 1000 ўринли, Қорақалпоғистоннинг ҳар бир туманида 200-500 ўринли тақсимлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, улар бугунги кунда жами 5 200 ўринни ташкил этади.
_U4A8458.JPG
_U4A8572.JPG

 

ЎзА