Россияда Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган Парад бўлиб ўтмоқда

Бугун Россиянинг кўплаб шаҳарларида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги шарафига байрам тадбирлари ҳамда тантанали юришлар бўлиб ўтмоқда.
Мамлакатнинг 28 минтақасида, жумладан, қаҳрамон шаҳарларда тантаналар муносабати билан ҳарбий парад уюштирилган.
Кўп ҳудудларда пандемия шароитида маҳаллий ҳукумат тантанали юришларни бекор қилиш ёки тамошабинларсиз ўтказишга қарор қилди.
26 май куни РФ президенти Владимир Путин мудофаа вазири Сергей Шойгу билан кенгашиб, Ғалаба паради 24 июнда бўлишини эълон қилганди. Сабаби, 1945 йил худди шу куни тарихий Ғалаба Паради бўлиб ўтган. Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этиш учун кўплаб хорижий давлатлар раҳбарлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Москвага ташриф буюрди. Шунингдек, тантаналарда Абхазия президенти Аслан Бжания, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Молдова президенти Игорь Додон, Сербия президенти Александр Вучич, Беларусь президенти Александр Лукашенко ва бошқалар ҳозир бўлишади.
Бундан ташқари, Босния ва Герцеговина Президиуми серблар гуруҳи аъзоси Милорад Додик, Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Жанубий Осетия президенти Анатолий Бибиловларнинг ҳам ташрифи кутилмоқда.
РФ пойтахти Москвадаги Ғалаба парадида тахминан 14 минг ҳарбий хизматчи иштирок этади. Қизил майдон устидан 75 та самолёт ва вертолёт учиб ўтади. Пиёдалар ва техникаларнинг тантанали ўтиши бир ярим соатга чўзилади.

 

ЎзА