Куни кеча Пекиннинг Фентай туманидаги «Синфади» йирик улгуржи бозорида импорт қилинган лосось балиғини бўлаклайдиган тахта юзасида коронавирус аниқланган эди. Бу ҳодиса шаҳар ҳукуматини қаттиқ хавотирга солиб қўйди. Айни пайтда туманда ҳарбий ҳолат жорий қилинган, жамоатчилик саломатлиги билан боғлиқ фавқулодда вазият даражаси II босқичгача кўтарилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Россиядаги вакили Мелита Вуйнович ушбу воқеага изоҳ берар экан, Пекиннинг «Синфади» бозорида аниқланган коронавирус у ерга инсон орқали келган бўлиши мумкинлигига урғу берди. Бироқ ҳозирда ушбу ҳодиса бўйича хитойлик олимларнинг тадқиқот натижалари кутилаётганини ҳам қўшимча қилди у.
«У ерда Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Биз улардан натижа кутяпмиз. Вирус аниқланганига келсак, ҳозирча аниғини билмаймиз, лекин у инсон орқали келган бўлиши мумкин. Аммо биз хитойлик олимларнинг натижаларини кутяпмиз. Улар қандай вируслигини бизга айтиши керак. Вирус жамиятдаги бизга таниш ўша коронавирусми ёки яна қаердандир пайдо бўлганими. Ҳозир бир нарса дейиш оғир», – деди Вуйнович «Россия 24» телеканалига.
ЎзА