2 ёшгача бўлган болакайлар учун ниқоб тақиш зарар экан

Япониялик мутахассислар эътироф этишича, 2 ёшга тўлмаган гўдакларга тиббий ниқоб тақиб қўйиш болалар саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин экан. ТАСС агентлиги ушбу огоҳлантириш ҳақида Япония педиатрлар ассоциацияси маълумотига таяниб маълум қилган.
Қайд этилишича, икки ёшгача бўлган болакайларда нафас йўли тор, шу боис ниқоб нафас олишни қийинлаштириши, қисман бўғилишга олиб келиши эҳтимоли кучли.
Бундан ташқари, айни ҳолатда ёш организм юрагига ҳам ортиқча юк тушади, ҳаво қизиганда эса иссиқлик тафтининг қўшимча салбий таъсири хавфи кучаяди.
“Иссиқлик ниқобни тарк этмайди ва қизиш хавфи ортади. Шунингдек, ёш болаларда тез-тез лоҳаслик, кўнгил айниш рўй беради. Бу ўз навбатида пневмония ва бўғилишга олиб келади”, — дейди ассоциация раҳбари Акира Камикава.
Японияда болалар учун мўлжалланган кичик ўлчамли тиббий ниқоблар ҳам сотилади. Одатда, бундай маҳсулот қадоғида тиббий ниқобни уч ёшдан бошлаб тақиш мумкинлиги ҳақидаги эслатма-ёзув бўлади. Айрим ишлаб чиқарувчилар эса ниқобларни “икки ёшдан ошган болалар учун” деган тавсия-ёрлиқ билан сотувга чиқаришади.

 

ЎзА